Москвадаги савдо марказида ўзбекистонлик болалар эскалатордан йиқилиб тушди (видео)

Москвадаги савдо марказида эскалатордан 2 нафар ёш бола йиқилиб тушди. Улардан бири аравачада бўлган, ундан озгиина каттароқ қиз аравачани ҳаракатланаётган зинадан пастга туширмоқчи бўлган, деб ёзади «МК» нашри.

Хабарга кўра, ҳодиса 17 октябрь куни соат 15:00 да Андропов проспектида жойлашган «Мегаполис» савдо марказида содир бўлган. Кузатув камерасига ёзилган видеода икки нафар қиз ёш бола ўтирган аравачани эскалаторга қўяётгани акс этган. Охири қизчалардан бири ҳаракатланаётган зинага аравачани қўйган, аммо тутиб қололмаган. Маълум бўлишича, аравачада унинг укаси бўлган.

Жабрланувчилар сут заводида ишлайдиган 32 ёшли ўзбекистонлик Тоштемир Маҳмадалиевнинг фарзандлари экани маълум бўлган. У Нагатинода оиласи билан ижара уйда яшайди. Воқеа содир бўлган кун Тоштемирнинг хотини икки фарзандини (6 ёшли қизи ва 1 ёшли ўғли) олиб, дугонаси ва унинг қизчаси билан савдо марказига борган. Аёллар болаларга узоққа кетмаслиги айтиб, кийим кўриш учун дўконга кирган.

Ҳодисадан сўнг қизни касалхонага олиб боришга тўғри келмаган. Аравадаги ўғил Боткин касалхонасига ётқизилган. Унинг иккита тиши тушган, тили ва ияги жароҳатланган, аммо умумий ҳолати қониқарли деб баҳоланган.

Хабарга кўра, ҳодиса юзасидан васийлик органлари Маҳмадалиевнинг оиласини текширади. Шунингдек, болаларни эскалаторга яқин келишига йўл қўйган хавфсизлик хизматининг ҳам иши ўрганилади.

Аввалроқ Учқўрғонда трактор тиркамасига осилиб, йиқилган 9 ёшли бола шифохонада вафот этгани, Чилонзорда ИИБ ходимлари 4-қаватдан маст ҳолда тушиб кетган аёлга паспорт олишга ёрдамлашгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар