Чилонзорда ИИБ ходимлари 4-қаватдан маст ҳолда тушиб кетган аёлга паспорт олишда ёрдамлашди
Тошкент шаҳар Чилонзор туманида Ички ишлар бошқармаси ходимлари 4-қаватдан маст ҳолда тушиб кетган аёлга паспорт олишда ёрдамлашди. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, туман ички ишлар органлари фаолияти мувофиқлаштириш бошқармасига келиб тушган хабарга кўра, «Боғзор» маҳалласида яшовчи 48 ёшли В.М. эҳтиётсизлиги сабабли тўртинчи қават деразасидан йиқилиб тушган ва оқибатда шифохонага жойлаштирилган.
Қайд этилишича, ИИО ФМБ ходимлари аёлдан хабар олиб, унинг аҳволини билиш ва ҳодиса сабабларини аниқлашга қарор қилган. Суҳбат давомида аёл ҳақиқатан ҳам эҳтиётсизлиги сабабли йиқилганини, уйни тозалаш олдидан оила аъзолари билан спиртли ичимликлар истеъмол қилганини маълум қилган. Маст ҳолатда бўлгани сабабли мувозанатни йўқотган В.М. ҳеч кимга эътирози йўқлигини билдирган.
Шунингдек, аёл биометрик паспорти, хорижга чиқиш паспорти ва бошқа ҳужжатлари бўлган пакетни йўқотган.
Йиқилгандан сўнги ҳолати унинг учун йўқолган ҳужжатларини тиклаш анча қийин бўлишини инобатга олиб, Чилонзор туман миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси ходимлари аёлга ушбу масалада ёрдам берган. Ходимлар В.М.ни бўлимгача олиб бориб, биометрик маълумотлар олингандан сўнг қайтариб уйига етказиб қўйган.
Аввалроқ Жиззахда 11-жарроҳлик амалиётидан кейин аҳволи оғирлашган фуқарога кейинги операция ўтказилишида ёрдам берилиши ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Қамашида эҳтиёжманд аҳоли учун 1000 дан зиёд иссиқхона қуриб берилиши ҳамда Сўхда ишсиз ва эҳтиёжманд 71 нафар шахсга 20 сотихдан ер берилгани маълум қилинди.