Сўхда ишсиз ва эҳтиёжманд 71 нафар шахсга 20 сотихдан ер берилди
Фарғона вилояти Сўх туманида ишсиз ва эҳтиёжманд 71 нафар шахсга 20 сотихдан ер берилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, туманнинг Малбуд қишлоғида қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерлар ўзлаштирилган.
Қайд этилишича, туманга ташриф буюрган бандлик ва меҳнат муносабати вазири биринчи ўринбосари Эркинжон Муҳиддинов мазкур ҳудудга келиб, ҳолатни ўрганган. Ҳамда ушбу ҳудудга суғориш воситасини ўрнатилиб, томчилатиб суғориш йўлга қўйилишини маълум қилган.
Шунингдек, вазир ўринбосари субсидия асосида прокурор секторида жойлашган ушбу ҳудудга иссиқхоналар қуриб берилишини айтиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сўхда 800 нафар фуқарога 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам пули етказиб берилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик сўхликлар 2020 йилда ер ва мол-мулк солиғидан озод этилиши маълум қилинди. Сўнгра Сўхда Чашма булоғидаги низолар оқибатида талафот кўрган хонадонлар тиклаб берилди.