Сўхда Чашма булоғидаги низолар оқибатида талафот кўрган хонадонлар тиклаб берилди

Фарғона вилояти Сўх туманида 21 август, жума куни Чашма булоғи ёнидан ўтган Қирғизистон билан чегара ҳудудида келиб чиққан низо оқибатида талафот кўрган хонадонлар таъмирдан чиқарилиб, ўз эгаларига топширилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари матбуот хизмати

Маълум бўлишича, 2020 йилнинг 31 май куни Фарғона вилояти Сўх туманидаги Чашма булоғи ёнидан ўтган Қирғизистон билан чегара ҳудудида низо келиб чиққан. Ушбу воқеаларда «Чашма» маҳалласида яшовчи фуқаролар Раҳматжон Тўхтасинов ва Равшанжон Тўхтаназаровларнинг хонадонлари катта талафот кўргани боис ҳукумат томонидан ушбу хонадонларни тиклаш бўйича топшириқ берилган.

Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари матбуот хизмати

Шунга кўра, Раҳматжон Тўхтасиновнинг хонадони капитал таъмирланган бўлса, фуқаро Равшанжон Тўхтаназаровга янгидан уй қуриб берилган. Маълум бўлишича, қурилиш-таъмирлаш ишларига давлат томонидан 600 миллион сўм маблағ йўналтирилган.

Эслатиб ўтамиз, фуқаролар ўртасидаги низо катта можарога айланиб кетгандан сўнг, бош вазир 1 июнь куни Фарғона вилояти Сўх тумани аҳолиси билан учрашган ҳамда Қирғизистон ҳукумати раҳбари вазифасини бажарувчи Қубатбек Бўронов билан музокаралар ўтказган. Учрашувда можаро айбдорларини жазолашга келишиб олинган.

Аввалроқ Сўхда 800 нафар фуқарога 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам пули етказиб берилгани, сўхликлар 2020 йилда ер ва мол-мулк солиғидан озод этилиши ва Фарғона шаҳридан Сўх туманига кичик авиақатновлар йўлга қўйилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, бош вазирнинг Сўхда аҳоли билан учрашувидан сўнг сўхлик ёшларга қўшимча 500 та квота ажратилган эди.

Бундан ташқари, Абдулла Арипов 12 август куни Сўх туманига боргани ва Президентнинг 8 август куни «2020—2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказилгани ҳақида хабар берилганлди. Кейинчалик Сўхда ОТМга кириш имтиҳонлари учун 3 мингга яқин абитуриент рўйхатдан ўтганлиги маълум қилинганди.

Янгиликлар