Бош вазир Абдулла Арипов Сўх туманига борди

Сўх туманида айни пайтда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирокида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтмоқда, деб хабар берди ЎзА.

Маълум бўлишича, Президентнинг 2020 йил 8 август куни  «2020—2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Унда тасдиқланган дастурга 146 та лойиҳа киритилган бўлиб, 639 миллиард сўм маблағ сарф этилиши белгиланган. Йиғилишда ана шу қарорда белгиланган вазифалар муҳокама этилмоқда, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 31-май куни Ўзбекистоннинг Чашма ва Қирғизистоннинг Чечме қишлоқлари аҳолиси Қирғизистон ҳудудидаги “Чечме” булоғини тозалаш вақтида тортишиб қолган, бу кейинроқ нисбатан катта можарога айланиб кетган эди.

Шундан сўнг, бош вазир 1 июнь куни Фарғона вилояти Сўх тумани аҳолиси билан учрашган ҳамда Қирғизистон ҳукумати раҳбари вазифасини бажарувчи Қубатбек Бўронов билан музокаралар ўтказган. Учрашувда можаро айбдорларини жазолашга келишиб олинган.

Аввалроқ Сўхда 800 нафар фуқарога 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам пули етказиб берилгани, сўхликлар 2020 йилда ер ва мол-мулк солиғидан озод этилиши ва Фарғона шаҳридан Сўх туманига кичик авиақатновлар йўлга қўйилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Бош вазирнинг Сўхда аҳоли билан учрашувидан сўнг сўхлик ёшларга қўшимча 500 та квота ажратилган эди.

Янгиликлар