Сўхда ОТМга кириш имтиҳонлари учун 3 мингга яқин абитуриент рўйхатдан ўтган

АОКА ҳузуридаги штабда 2020 йил 14 август куни Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Барно Ражабов иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Брифингда у Фарғона вилояти Сўх туманидан ҳозиргача салкам 3 мингга яқин абитуриент олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари учун рўйхатдан ўтганини маълум қилди.

Кадр: YouTube

Давлат тест маркази бош бошқарма бошлиғи Президент томонидан Сўх туманини янада ривожлантириш, у ерда малакали кадрларни тайёрлаш бўйича берилган қўшимча топшириқлар бўйича туманида истиқомат қилувчи битирувчиларига ОТМларга киришда алоҳида 500 та давлат гранти квотаси берилганини, ҳозирда туман бўйича 2900 нафардан ошиқ абитуриентлар рўйхатдан ўтганини таъкидлаган.

Маълумот ўрнида, Сўх тумани ёшлари учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича давлат гранти асосидаги қўшимча қабул кўрсаткичларининг ОТМлар кесимида тақсимоти белгиланган. Унга кўра, жами 500 та ўрин олийгоҳлардан сўхлик абитуриентлар учун ажратилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда ОТМларга кириш учун онлайн рўйхатдан ўтган, лекин тўловга улгурмаган абитуриентлар 17 августгача тўловни амалга ошириши мумкинлиги, кириш имтиҳонларидаги тест саволлари соддалаштирилиши, шунингдек, кириш имтиҳонларида 2 та фан учун 3 соат вақт ажратилиши маълум қилинганди.

Янгиликлар