Қамашида эҳтиёжманд аҳоли учун 1000 дан зиёд иссиқхона қуриб берилади (фото)

Қашқадарё вилояти Қамаши туманида 2020 йилнинг охирига қадар мингдан ортиқ иссиқхона «темир дафтар»га киритилган, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга топширилади. Бу ҳақда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров хабар берди.

Фото: «Tez News»

Қамаши туманида ёрдамга муҳтож, «темир дафтар»га киритилган оилаларнинг умумий сони 4873 тани ташкил этади. Хусусан, улардан 4419 таси меҳнатга лаёқатли ишсиз фуқаролар ҳисобланади. Aна шу фуқароларнинг турмуш тарзи, яшаш шароити ва оилавий бюджетини яхшилаш мақсадида вилоят ва туман ҳокимлиги томонидан 2020 йилнинг охирига қадар 3-4 сотихли 1360 та иссиқхона қуриб берилади.

Туман ҳокими биринчи ўринбосари Рустам Ғофуровнинг сўзларига кўра, туманда «Бир маҳалла — бир маҳсулот» тамойили асосида шу пайтга қадар 505 та иссиқхона қуриб битказилиб, ҳозирги кунда яна 500 та иссиқхонада қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Фото: «Tez News»

«4 ўғлимга эски ҳовлимизни бўлиб бердим. Ўзим эса шу ҳовлида кичик ўғлим билан тураман. 2017 йилдан бери нафақадаман. Маҳалламизда иссқихоналар қурилиши бошлангандан бери фарзандларимнинг ҳаммаси ишли бўлиб қолди, бекор юргани йўқ ҳозир. Илгаридан 6 сотих иссиқхонамизда лимон етиштиртардик, 2019 йили 3 тоннадан кўп ҳосил олиб, уларни Москвага экспорт қилдик. Худога шукур, иссиқхонадан келадиган даромад оиламизни боқишга етяпти», — дейди «Соҳибкор» МФЙда яшовчи фуқаролардан бири Aҳмад Худойбердиев.

Фото: «Tez News»

2020 йил 1 сентябр ҳолатига кўра, Қамаши туманида бандлиги таъминланган, даромад манбаи яратилганлиги сабабли Халқ депутатлари кенгашлари қарори ва фуқароларнинг шахсий мурожаатига асосан туман бўйича 1941 оила «темир дафтар»дан чиқарилган. Хусусан, 1-секторда 546 та, 2-секторда 363 та, 3-секторда 505 та ва 4-секторда 527 та оила аъзоларининг бандлиги жамоат ишларига жалб этиш, қурилиш ва тикувчилик цехларида яратилган бўш иш ўринлари орқали таъминланган.

«Пахтаобод» маҳалла фуқаролар йиҳини раиси Aбдумўмин Жалиловнинг айтишича, маҳаллада уйма-уй ўрганилиб, «темир дафтар» рўйхати шакллантирилганда 49 та оила рўйхатга олинган. Олдинига уларнинг 19 тасига бир марталик 1 миллион сўмдан пул ёрдам қилинган бўлса, кейинчалик 34 оиланинг ҳар бир жон бошига 220 минг сўмдан ёрдам пуллари берилган. Бундан ташқари, маҳалла раиси «Бир маҳалла — бир маҳсулот» тамойили асосида иссиқхоналар қурилаётганлигини, мана шу 49 та кам таъминланган оилаларнинг 19 тасининг томорқасида иссиқхоналар қуриб берилганнини, бу эса фуқаролар аҳволини янада яхшилашга хизмат қилишини таъкидлаган.

Фото: «Tez News»

«Маҳаллада умумий аҳоли сони 3705 та, шулардан «темир дафтар»га киритилганлари 59 та. Ҳозирги вақтда бу оилаларни «темир дафтар»дан чиқариш учун 15 тасига иссиқхона қуриб берилди, 19 та фуқарога 1 миллион сўм, қўшимча 10 та фуқарога эса 220 минг сўмдан пул тарқатилди. Кейинчалик 2 нафар фуқаро жамоат ишларига жалб қилиниб, 3 нафари фермер хўжалигига ишга жойлаштирилди. Бундан ташқари, ҳомийлар томондан ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Шуни айтиш керакки, биз тарқатаётган пуллар ёки озиқ-овқат маҳсулотлари билан оилаларни бир зумда камбағалликдан чиқаролмаймиз. Фуқароларимизнинг асосий даромад манбаи қишлоқ хўжалиги бўлгани учун, ўзларининг томорқаларида полиз маҳсулотларини экиш билан шуғулланишади. Бу ҳам оиланинг бюджети яхшиланишига ўз ёрдамини беради», — дейди «Соҳибкор» МФЙ раиси Баҳриддин Очилов.

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Фото: «Tez News»

Аввалроқ Қаршида 5 гектарга яқин мош майдони «темир дафтар»даги фуқароларга тақсимлаб берилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар