Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони инвестициялар вазири билан учрашди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 октябрь куни Саудия Арабистонининг етакчи компаниялари раҳбарларидан иборат нуфузли делегация бошчилигида мамлакатимизга ташриф буюрган Саудия Арабистони Подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳни қабул қилди.
Учрашув аввалида, олий мартабали меҳмон давлат раҳбарига Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва Валиаҳд, Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Шунингдек, Ўзбекистон-Саудия кўп қиррали ҳамкорлиги ва кенг кўламли шериклигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Жумладан, қўшма лойиҳалар портфели 27 млрд долларга етди. «ACWA Power» компанияси билан энергетика соҳасида 15 млрд долларлик қатор йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани билдирилди.
Шу қаторида, Тошкент шаҳрида ўтган Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилишларининг самарали натижалари, улар доирасида янги битим ва шартномалар имзолангани юксак баҳоланди.
«Яшил» энергетика, қишлоқ хўжалиги, электротехника, кўчмас мулк, мамлакатимиз ҳудудларида инфратузилмани модернизация қилиш ва бошқа устувор йўналишлардаги лойиҳа ва ташаббусларни тез фурсатда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди, — дейилади хабарда.