Учқўрғонда трактор тиркамасига осилиб, йиқилган 9 ёшли бола шифохонада вафот этди

Наманган вилояти Учқўрғон туманида тракторнинг тиркамасига осилиб йиқилган 9 ёшли бола шифохонада вафот этди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, 2020 йил 13 октябрь куни соат 22:30 ларда, Янгиер-Учқўрғон йўлининг 3 километрида, Учқўрғон тумани «Фарғона» МФЙ Парвоз кўчасида яшовчи, 1967 йилда туғилган фуқаро фермер хўжалигига тегишли бўлган «МТЗ-80» русумли тракторини тиркама улаган ҳолда ҳаракатланиб кетаётган бўлган.

Бу вақтда Учқўрғон туманида ота-онаси қарамоғида яшаган, тумандаги мактабнинг 3-синфида ўқийдиган, 2011 йилда туғилган бола трактор тиркамасининг орқа томонидан осилиб, ерга йиқилиб тушган. Оқибатда, бола бош ва жағ қисмидан тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.

Ушбу ҳолат бўйича туман Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон туманида «Lacetti» уриб юборган пиёда шифохонада вафот этганди. Шунингдек, Учкўприкда чинорга урилган «Жигули»нинг вояга етмаган ҳайдовчиси касалхонада вафот этгани хабар қилинганди.

Янгиликлар