Тошкентдаги мактабда ўқитувчи бошланғич синф ўқувчиларига игна ва «саморез» санчиб жазолагани аниқланди

Сергели туманининг 277-мактаб педагоги 1-синф ўқувчиларининг қўлига игна ва «саморез» санчиб, уларни жазолагани аниқланди.

Ҳолат Тошкент шаҳри Сергели туманидаги 277-мактабнинг 1-«э» синф ўқувчилари билан содир бўлган.

Болалар омбудсманининг хабар беришича, 16 апрел куни болаларнинг 15 нафар ота-онаси мактаб директорининг ҳузурига келиб, 1-«э» синф раҳбари устидан шикоят қилган.

Унга кўра, ўқитувчи ўқувчилар қўлининг кафт қисми устига «саморез» ва игналар билан санчиб, турли жароҳатлар етказган, «гўёки шундай усулда болаларни тарбиялашга уринганини» билдиришган.

«1-«э» синф раҳбари С.Р. болаларга нисбатан шундай номақбул ҳаракатларни содир қилганлиги юзасидан ўқитувчи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, у ишдан бўшатилди», дейилади расмий изоҳда.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Вазиятни Болалар омбудсмани назоратга олган. Бу бўйича қўшимча маълумот берилиши маълум қилинди.

Янгиликлар