Тошкентда меҳмонхонада одамлар тинчлигини бузган Исроил фуқароси 15 суткага қамалди

2024 йил май ойининг 16 куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида меҳмонхонада тартиб бузган исроиллик фуқарога жазо тайинланди.

Иш ҳужжатига кўра, 2024 йил 16 апрель куни соат 22:30 да меҳмонхона ишчиси Тошкент шаҳар ИИББ ишонч телефонига қўнғироқ қилиб, исроиллик мижоз устидан шикоят қилган.

Аниқланишича, у меҳмонхонада кечаси баланд овозда мусиқа қўйиб, фуқароларнинг тинчлигини бузган. Бундан ташқари маст ҳолатда меҳмонхонага пешоб қилган. Ҳолат юзасидан келган ИИО ходимлари уни ИИБ бўлимига таклиф қилишганида боришдан бош тортиб, ИИО ходимларининг қонуний талабини бажармаган.

Суд мажлисида ҳуқуқбузар айбига иқрорлик билдириб, ўша куни уйида спиртли ичимлик истеъмол қилганини, Ўзбекистонга “пасха” байрами муносабати билан, ота-онаси қабртошларини янгилаш учун келганини билдирган.

Суд қарори билан исроиллик эркак МЖтКнинг 183-моддаси (майда безорилик), 192-моддаси (маиший шовқинга қарши кураш талабларини бузиш) ва 194-моддасининг 1-қисмида (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 15 сутка маъмурий қамоқ ҳамда БҲМнинг 4 дан 3 қисми миқдорида (533 минг сўм) жарима жазоси тайинланган.

Янгиликлар