Андижонда йил бошидан бери 32 мингдан ортиқ ёшлар иш билан таъминлангани маълум бўлди (фото)
Андижон вилоятида Президент халқ қабулхоналари, сектор раҳбарлари ва Ёшлар агентлиги ҳамкорлигида 32 минг 268 нафар ёш иш билан таъминланди. Бу ҳақда Президент халқ қабулхонаси «Tez News»га хабар берди.
Йил аввалида вилоятда 43 минг 221 нафар ёшлар бандлигини таъминлаш режа қилинган эди. Ҳозирга қадар уларнинг 32 минг 268 нафари (74,7%) ўз иш жойига эга бўлди.
Хабарда айтилишича, 2 725 нафари тикувчилик ва енгил саноат, 1 173 нафари қурилиш, 11 532 нафари қишлоқ хўжалиги соҳаларида иш билан таъминланди. Ёшларнинг 4 205 нафари давлат корхоналарида, 5 858 нафари хусусий секторда, 4 744 нафари бошқа йўналишларда ўз ишини топди.
Бундан ташқари, уларнинг 2 254 нафарига 101 миллиард 153 миллион сўм кредит ажратилиб, 3 980 та янги иш ўрни яратилишига эришилди.
2020 йилнинг ўтган даврида вилоятдаги 4 минг 877 нафар ишсиз ёшларга деҳқончилик қилиши учун 91 та массивдан 658,5 гектар ер ажратиб берилди. Бу ер майдонларининг 344,8 гектари боғ қаторлари орасидан, 313,7 гектари эса адирлик ҳудудларидан берилган.
2020 ўқув йилида Андижон вилоятида умумтаълим мактабларини тамомлаётган 40 298 нафар 11-синф битирувчилари бандлигини таъминлаш ҳам галдаги вазифа бўлиб турибди. 23 654 нафар ёшларга устоз-шогирд тамойили асосида ҳунар ўргатилмоқда. Вилоят ёшлари ўртасида ўтказилган сўровномада 13740 нафар ёшлар тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган эди. Ҳозирча улардан 4604 нафарига 40,9 миллиард сўм кредит ажратиладиган бўлди.
Аввалроқ Наманганда 62 нафар мактаб битирувчисига 30 сотихдан ер майдонлари берилгани хабар қилинган эди.