Beeline абонентларига етказган бир неча миллиард сўм зарарни тўлаб беради

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги «Beeline Uzbekistan» мобил компанияси устидан иккита судда ютиб чиқди. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг март ойида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан «UNITEL» (Beeline Uzbekistan)га қарши мобил алоқа хизматларини кўрсатиш қоидалари ҳамда «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунни бузганлиги юзасидан иш қўзғатилган.

Бундан ташқари, 2019 йилнинг июль ойида «UNITEL» МЧЖ ўз абонентлари учун «Хабардор бўл» хизматига улаш (10 ва 30 кун бепул) бўйича реклама акциясини ўтказган. Ушбу акция хизматга уланмаган абонентлар учун мўлжалланган. Аммо бепул муддат тугагандан сўнг, ушбу хизмат учун кунига 240 сўмдан ундирилган. Акция шартларига кўра, у автоматик равишда ўчирилмаган.

Ушбу акция доирасида 3,2 миллиондан ортиқ абонент хизматга уланган, улардан 1,2 миллион нафари хизматни мустақил равишда ўчириб қўйган. 2020 йил май ойи ҳолатига кўра, ушбу хизмат деярли 1,3 миллион абонентда уланганича қолган. 2020 йил 3 июлда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг махсус комиссияси томонидан «UNITEL» МЧЖнинг «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун талабларини бузиши факти бўйича қарор чиқарган. Унга кўра, «Хабардор бўл» хизматига бепул акция даврида уланган абонентлардан хизматни ўчириб қўйиш ҳамда етказилган зарарни қоплаш бўйича талаблар киритилган. Бунда ҳар бир абонент учун етказилган зарар миқдори «Хабардор бўл» хизмати учун ҳисобдан ечиб олинган пул миқдорига қараб белгиланади ва абонент рақами ҳисобига тушириш йўли билан қопланади.

«UNITEL» МЧЖ компанияси ўзининг қонуний ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда, 2020 йилнинг август ойида Шайхонтоҳур туман маъмурий судига Агентлик томонидан чиқарилган қарорни ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида мурожаат қилган. Суд жараёнида «UNITEL» талаби рад этилган. Агентликнинг қарори қонуний деб топилган. Аммо октябрь ойида компания яна апелляция билан Тошкент шаҳар маъмурий судига мурожаат қилган. Бироқ, бу ерда ҳам суднинг аввалги қарори ўзгаришсиз қолдирилган ва «UNITEL» МЧЖнинг апелляцияси рад этилган. Шу тарзда 9 ой давом этган жараён истеъмолчилар фойдасига ҳал қилинган.

Қайд этилишича, бугунги кунга келиб «Beeline Uzbekistan» абонентларига етказилган зарар миқдори 20 миллиард сўмдан зиёдни ташкил қилмоқда. Ушбу маблағларни компания абонентлар рақамларига миллий валютада қайтариб беришни бошланган.

Аввалроқ Uzcard’нинг айрим функцияларида носозлик юзага келгани маълум қилинган эди.

Янгиликлар