Президент бош вазир ўринбосарлари Сардор Умрзоқов ва Жамшид Қўчқоровга саноат соҳасидаги муаммоларни ечиш юзасидан янги топшириқ берди

Ўзбекистон Президенти 18 август, сешанба куни «Республикада экспорт ва инвестиция салоҳиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади.

Экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш, инвестиция дастурларига киритилган лойиҳалар, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги инвестиция лойиҳалари ҳамда олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни амалга ошириш бўйича «йўл хариталари»га киритилган тадбирларнинг ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш, илм-фан ва инновация ютуқларни кенг жорий этган ҳолда ҳудудларда «саноат кластерлари»ни ташкил этиш мақсадида қатор вазифалар белгиланди.

Фармонга кўра, экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича ҳукумат комиссиясига (Сардор Умурзоқов) қуйидаги ваколатлар берилди:

  • жаҳон ва ички бозорда нарх ва талаб конъюнктураси, ишлаб чиқариш ва тақсимот балансларидан келиб чиқиб, экспорт прогнозининг йиллик умумий кўрсаткичларини сақлаган ҳолда экспорт прогноз кўрсаткичларига ўзгартириш киритиш;
  • инвестиция дастурларига уларнинг умумий параметрлари ҳамда кўрсаткичларини сақлаган ҳолда тузатиш, қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш;
  • олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни амалга ошириш юзасидан тасдиқланган «йўл хариталари» ҳамда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича «йўл хариталари»га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.

Фармонда олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни амалга ошириш юзасидан тасдиқланган «йўл хариталари», шунингдек, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан ҳамкорлик бўйича «йўл хариталари»нинг умумий кўрсаткичларини ўзгартириш ҳукумат комиссияси (Сардор Умурзоқов) томонидан Президент Администрацияси билан келишилган ҳолда амалга оширилиши белгиланган.

Шунингдек, ҳукумат комиссиясига ҳам қуйидаги қатор вазифалар берилди:

  • белгиланган вазифаларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини ўрганиш учун доимий равишда республика вилоятларига ташрифларни амалга ошириб боради;
  • ҳар чоракда Президент Администрациясига назарда тутилган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан ахборот киритиб боради.

Қайд этилишича, бош вазир ўринбосари Сардор Умрзоқов Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда ҳар бир ҳудудда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, рақобатдош маҳсулот чиқаришда илм-фан, инновация, лойиҳалаштириш, молия, инжиниринг ва инвестиция ташкилотларини ўз ичига олган «саноат кластерлари»ни ташкил этиш дастурини киритади.

Бош вазир ўринбосарлари Сардор Умрзоқов ва Жамшид Қўчқоровга яна қуйидаги вазифалар юкланди:

  • иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудуд раҳбарлари билан биргаликда ҳар ҳафта саноатдаги ишлар ҳолатини муҳокама қилиб, муаммоларни ечиб боради;
  • Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда бир ҳафта муддатда саноат ва инвестиция бўйича барча кўрсаткичларни қайта ҳисоб-китоб қилиб, корхонабай иш режасини тасдиқлайди ҳамда ижроси устидан қатъий назорат ўрнатади;
  • иқтисодиёт тармоқлари раҳбарлари бир ой муддатда ҳудудларга чиққан ҳолда, саноат корхоналарида ишлаб чиқариш режасини кафолатли таъминлаш ва инвестиция лойиҳаларини якунлаш учун зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқади.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ҳафтада барча саноат корхоналари бўйича ишлаб чиқариш дастурларини тасдиқлайди ва ижросини қатъий назоратга олади ҳамда ҳар чорак якуни бўйича дастурлар ижроси натижалари тўғрисида ҳукумат комиссиясига ахборот киритиб боради.

Аввалроқ Наманганда 18 триллион сўмлик янги лойиҳалар амалиётга тақдим этилиши хабар қилинган эди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши режалаштирилган хорижий автомобиль моделлари билан танишгани маълум қилинган эди.

Янгиликлар