Бухорода Эрондан олиб келинган 48,2 млн сўмлик мебель ва маиший техника воситаларини яширинча олиб киришга уринган шахслар фош этилди
Бухоро вилоятига Эрондан кириб келган темир йўл вагонлари орқали мебель ва маиший техника воситаларини яширинча олиб киришга уринган шахслар фош этилди. Бу ҳақда «Tez News»га вилоят божхона бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, вилоят божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари «Хўжадавлат» темир йўл чегара божхона пости орқали қўшни мамлакатдан кириб келган темир йўл вагонларини назоратдан ўтказган. Тадбир давомида чегара постдан товар-моддий бойликларни ноқонуний йўл билан олиб киришга уринган шахслар фош этилган.
Вагонда фуқаро Х.М.нинг номига олиб келинаётган юклар орасида божхона юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмаган умумий қиймати 48,2 миллион сўмлик мебель жиҳозлари ҳамда маиший техника воситалари борлиги аниқланган.
Aйни пайтда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Aввалроқ Бухорода ноқонуний тарзда салкам 237 миллион сўм божхона тўловларидан имтиёз олганлар ушлангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, 2,7 миллиард сўмлик дори-дармонларни сомон остига яшириб олиб кирмоқчи бўлган шахслар Наманганда ушлангани хабар қилинган.