Дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 75 миллиондан ошди
Дунёда коронавирус пандемияси бошлангандан буён 75 миллиондан ортиқ киши COVID-19 инфекциясини юқтириб олди. «Worldometer» сайтидаги сўнгги янгиланишлар шундан далолат бермоқда.
Тошкент вақти билан соат 12:30 ҳолатига кўра, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 75 299 629 кишига етган. Беморларнинг 1 668 691 нафари вафот этган, 52 869 567 нафари соғайган. Aйни пайтда дунё бўйлаб ўлим даражаси 3 фоизни ташкил этмоқда. Ҳозирда 20 761 371 киши касалликдан даволанмоқда.
AҚШ дунёда коронавирус билан зарарланиш бўйича биринчи ўринда бормоқда. Мамлакатда 17 627 070 киши вирус юқтирган. Шунингдек, Ҳиндистон 9 979 447 нафар бемор билан иккинчи, Бразилия эса 7 111 527 бемор билан учинчи ўринда турибди.
Маълумот учун, 17 декабрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 75 675 нафарни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2 102 нафар бемордан 169 нафари оғир, 33 нафари эса ўта оғир аҳволда. Ҳозирда касалликдан соғайганлар жами 72 961 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 97 фоизни ташкил қилмоқда.
Маълумот ўрнида, SARS-CoV-2 коронавируси 2019 йилнинг декабрь ойида Хитойнинг Хубэй провинциясидаги Ухан шаҳрида аниқланган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалишини пандемия деб эълон қилган.