Эркин Турдимов Нурободдаги сўнгги 2 йилда бирорта битирувчиси талаба бўлмаган 4 та мактаб фаолиятини танқид қилди

Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимов 29 октябрь, пайшанба куни Нуробод туманидаги сўнгги 2 йил давомида бирорта битирувчиси ОТМларга кира олмаган 9, 37, 47 ва 71-мактабларининг фаолиятини танқид қилди. Бу ҳақда вилоят Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Нуробод туман халқ таълими бўлими тасарруфида 76 та умумий ўрта таълим мактаблари мавжуд. Мазкур мактабларда 32 119 нафар ўқувчи ўқийди ва 2498 нафар педагог-ходим фаолият юритади. Туман 2020 йил ҳолатига кўра Миллий рейтингда 3 поғона пастлаб, 12 ўринни эгаллаган. Таъкидланишича, 2019/2020 ўқув йилида тумандаги умумтаълим мактабларини 2121 нафар ўқувчи битирган. Уларнинг 10,6 фоизи, яъни 224 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Тумандаги 9, 37, 47 ва 71-мактабларининг сўнгги икки йилда битирган бирорта ҳам ўқувчиси ОТМга ўқишга кирмаган.

Фото: Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Хабарга кўра, вилоят ҳокими Эркин Турдимов республикадаги 992 та мактаб орасида 981-ўринни эгаллаган туманнинг олис ҳудудидаги 74-мактабда бўлиб, дарс жараёнлари билан танишган. Ҳоким ўқитувчилар, аҳоли вакиллари билан мактабнинг салбий кўрсаткичлари ҳақида суҳбатлашган.

Қайд этилишича, 2019 йилда мактабга маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қўшимча ўқув биноси қурилган. Шунингдек, 21 та компьютер жамланмасидан синфхона фойдаланишга топширилган.

Фото: Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Шунингдек, Эркин Турдимов Нуробод туман ҳокимлигида ўтказган йиғилишида ушбу масалаларни вилоят идора ва ташкилотлари, туман секторлари, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими, Халқ таълими бошқармаси, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази раҳбарлари, мактаб директорлари иштирокида танқидий таҳлил қилган.

Фото: Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Аввалроқ Шерзод Шерматов Булунғурдаги мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолатини танқид қилгани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Самарқанд вилояти республика мактаблари миллий рейтингида 9-ўринни эгаллагани маълум бўлганди.

Янгиликлар