Шерзод Шерматов Булунғурдаги мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолатини танқид қилди
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Самарқанд вилояти ХТБ бошлиғи Саидаҳмад Усмонов билан биргаликда Булунғур туманидаги мактабларда бўлиб, янги 2020/2021 ўқув йили олдидан ушбу муҳим вазифаларнинг қай даражада амалга оширилаётгани билан танишди. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, тумандаги «Навбаҳор» маҳалласида жойлашган 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида қатор камчиликлар борлиги маълум бўлган.
Мазкур мактабда карантин даврида таълим-тарбия жараёнларини ташкил этиш бўйича тайёргарлик етарли эмас. Наъмунавий дарс жадваллари шакллантирилмаган. Мактаб ҳудудининг ободонлаштириш аҳволи қониқарсиз. Деярли барча синфхоналарнинг ёритиш тизими носоз ҳолатда. Ҳожатхонанинг олдига ўқувчиларнинг қўл ювиши учун шароит яратилмаган. Ичимлик суви исроф бўлиб, беҳуда оқиб ётибди, дейилади хабарда.
Шунингдек, тумандаги Кафтархона қишлоғида жойлашган 14-умумий ўрта таълим мактабида ҳам худди шундай муаммолар мавжуд. Aмалий семинарлар ўтказилганига қарамасдан, мактаб директори Aнвар Илёсовнинг карантин даврида мактабда ўқув жараёнларини ташкил этиш бўйича аниқ режаси йўқ. Тоза ичимлик суви чиқадиган қувурга ақалли жумрак ўрнатишга ҳафсала қилинмаган, сув исроф бўлаётгани ҳам маълум бўлган.
Қайд этилишича, Шерзод Шерматов ушбу камчиликларни назорат қилмаган ва ўз вазифасига масъулиятсизлик қилаётган туман халқ таълими бўлими раҳбарияти ва мактаб директорларини огоҳлантирган. Мазкур мактабларни келгусида инвестиция дастурига киритилиши лозимлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шерзод Шерматов Нурободдаги ҳамда Қўшработ туманидаги мактабларнинг ҳолатини кўздан кечиргани ҳақида хабар қилинганди.