Шерзод Шерматов Нурободдаги мактабларнинг ҳолатини кўздан кечирди. Туманда 14 сентябрдан мактабларда анъанавий таълим бошланади

Халқ таълими вазири Шезод Шерматов Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад билан бирга Нуробод туманидаги мактабларнинг ҳолатини кўздан кечирди. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, ўрганиш давомида тумандаги 28, 67-умумтаълим мактабларида сув йўқлиги аниқланган. Халқ таълими вазири Нуробод тумани ҳокимлиги вакилларига мактаблар фаолияти бошлагунга қадар сув билан таъминлаш чорасини кўриш бўйича вазифа қўйган.

Фото: Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Шерзод Шерматов тумандаги 1980 йилда қурилган 13-умумтаълим мактабига ташриф буюрган. Мактаб биноси ҳамда унинг фаоллар ва спорт залларининг аҳволи қониқарсиз. Ушбу залларнинг пол қисми ёғочлари яроқсиз ҳолга келган. Мактаб кутубхонаси жуда тор ва мослаштирилмаган хонада жойлашган. Шунингдек, 2 ва 28-умумтаълим мактабларида ҳам худди шундай муаммолар кўзга ташланган. Халқ таълим вазири мазкур мактабларни келгуси ўқув йили олдидан инвестиция дастурига киритиш чораларини кўриб, реконструкция қилиш бўйича топшириқ берган.

Фото: Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Халқ таълими вазири 67-умумтаълим мактабида карантин даврида мактаб фаолиятини ташкил этиш бўйича ўтказилган амалий семинарда ҳам қатнашган. Унда ота-оналар ҳамда ўқувчилар, мактаб директорлари ва ўқитувчилар билан мулоқотда бўлиб, мурожаат ва таклифларини тинглаган.

Фото: Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

«Ўтган йилги миллий рейтинг натижаларига кўра, Нуробод тумани мактаблари битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичлари республикада охирги ўринларда. Aфсуски, бу Нурободдаги мактабларда таълим-тарбия жараёнлари ўз ҳолига ташлаб қўйилганлигини билдиради. Aлбатта, бундай салбий ҳолатга қараб турмаймиз. Давлатимиз раҳбари олдимизга қўйган талаб асосида, эндиликда мактаб тайёрлаган ўқувчининг ОТМга ўқишга кириши ва касб-ҳунарли бўлиши кўрсаткичларига қараб, мактаб, халқ таълими бўлими масъулларининг ўз ўрнига лойиқ ёки нолойиқлигини кўриб чиқамиз»,—деди Шерматов.

Нурбулоқ шаҳарчасида жойлашган 41-умумтаълим мактабининг қурилганига ўттиз йилдан ошган. 1100 нафар ўқувчи таълим-тарбия олаётган ушбу мактабда ўтган вақт давомида фақатгина жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан мактабни мукаммал таъмирлаш учун 3 миллиард 37 миллион сўм маблағ ажратилиб, 784 ўринли мактаб биносида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани қайд этилган. Шерзод Шерматов ушбу мактабдаги бунёдкорлик ишлари билан танишган. Спорт залида қурилиш ишлари давом этмоқда. Бироқ айрим синфхоналар пол қисмининг қурилиши сифатсиз бажарилганлиги халқ таълими вазирининг эътирозига сабаб бўлган. Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи назорати остида қурувчи ташкилот томонидан бир ҳафта муддатда ушбу синфхоналарнинг пол қисмини қайта қуриш вазифаси топширилган.

Фото: Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Маълумот учун, туманда 76 та умумтаълим мактаблари мавжуд. Ота-оналар ўртасида ўтказилган сўровномада 24 271 нафар ўқувчининг ота-онаси 14 сентябрдан мактабларнинг очилиши ва анъанавий тарзда фаолиятини давом эттиришига розилигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шерзод Шерматов Самарқанд шаҳридаги ва Қўшработ туманидаги мактабларнинг янги ўқув йилига тайёргарлиги билан танишгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Қоракўлда умумтаълим мактабларида анъанавий таълим қачон бошланиши маълум қилинди.