Қоракўлда умумтаълим мактабларида анъанавий таълим қачон бошланиши маълум қилинди
Бухор вилояти Қоракўл тумани умумтаълим мактабларида анъанавий таълим шакли 7 сентябрдан бошланади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, туман ҳокими Шерали Саломов бошчилигида мутасадди ташкилотлар раҳбарларидан тузилган ишчи гуруҳ пандемия даврида санитария-эпидемиология талаблари нуқтаи назаридан, тумандаги мактабларда ишни ташкил этиш, ўқувчилар ва мактаб ходимларига етарли шарт-шароитни яратиб бериш аҳволи ўрганилган. Туман ҳокими 11-,17-,29-, 30-, 32- ва 38-сонли умумтаълим мактабларига ташриф буюрган.

Фото: Қоракўл туман ҳокимлиги ахборот хизмати
Қайд этилишича, карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда сентябрга қадар барча умумтаълим мактаблари санитария-хавфсизлик жиҳозлари, пирометр, тиббий ниқоб ва антисептик воситалари билан таъминланган. Янги ўқув йили олдидан педагоглар ва ишчиларни коронавирусга тестдан ўтказишга қарор қилинган.
Мактабларнинг куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида иситиш, электр энергияси ва табиий газ таъминотида кузатилаётган нуқсон ва камчиликлар бартараф этилаётгани қайд этилган. Ҳар бир мактабда тиббий пункт ташкил этилган ҳамда пунктларга тажрибали тиббий ходимларни бириктириш, ҳар икки соатда синф хоналарини дезинфекция қилиш талаби қўйилган.
Маълумот учун, ҳудудда ўтказилган ижтимоий сўровномада 23 657 нафар ота-она иштирок этган. Иштирок этган ота-оналарнинг 19 448 нафари, яъни 82 фоизи умумтаълим мактаблари ўз фаолиятини сентябрь ойидан анъанавий шаклда тиклаши ва давом эттириши истагини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистондаги мактабларда янги ўқув йилини 14 сентябрдан бошлаш таклиф этилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик COVID-19 пандемияси даврида мактабларга қўйиладиган санитария талаблари маълум қилинди. Сўнгра Ўзбекистонда янги ўқув йили олдидан мактабларга салкам 10 минг нафар тиббиёт ходими жалб қилинганди.