Фарғонада қиймати 117 млн сўмдан ортиқ сифатсиз дориларни Ўзбекистонга олиб кирмоқчи бўлганлар аниқланди

Фарғона туманининг Қирғизистон давлати билан чегарадош ҳудудида 4 октябрь куни умумий қиймати 117 миллион сўмдан ортиқ бўлган сифатсиз дориларни Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирилишининг олди олинди, деб хабар берди Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари матбуот хизмати.

Фото: Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Фарғона туманининг чегара олди ҳудудида 4 октябрь куни ўз хизмат вазифасини олиб бораётган Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари Қирғизистондан давлат чегарасини бузиб кириб келаётган 3 нафар номаълум шахсни аниқлаган. Бундан хабар топган шахслар ўзлари олиб ўтаётган юкларни воқеа жойига ташлаб, Қирғизистон ҳудудига беркинган.

Текширувлар натижасида қонунбузарлар умумий қиймати 117 330 000 сўмга тенг сифати кафолатланмаган жами 5520 дона «Dostinix» ва 500 дона «Nioral» таблеткаларини ноқонуний равишда мамлакатга олиб ўтмоқчи бўлгани маълум бўлган.

Аввалроқ Чортоқ чегарасида 160 миллион сўмлик дориларни ноқонуний олиб кирмоқчи бўлганлар ушлангани ҳамда Бухорода Эрондан олиб келинган 48,2 миллион сўмлик мебель ва маиший техника воситаларини яширинча олиб киришга уринган шахслар фош этилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар