Ғузордаги заводда норозилик намойиши уюштирган ишчиларнинг 3–4 ойлаб маош олмагани рад этилди. «Enter Engineering» заводидан репортаж
Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги «Enter Engineering» компанияси 3 ойдан бери ойлик маоши бермаётгани сабабли ишчилар норозилик намойиши уюштиргани ва компания бу ҳолатга муносабат билдиргани ҳақида хабар берилган эди. Воқеа юзасидан Энергетика вазирлиги томонидан ОАВ вакиллари учун 24 октябрь куни заводда пресс-тур ташкил этилди, деб хабар берди «Tez News» мухбири.
Таъкидланишича, унда журналист ва блогерлар билан мулоқот қилган «Uzbekistan GTL» заводи бош директори Фахриддин Aбдурасулов норозилик намойиши уюштирган ишчилар воқеасига муносабат билдирган. Унинг сўзларига кўра, ишчиларнинг 3—4 ойлаб иш ҳақи олмагани ҳақидаги хабарлар асоссиз ҳисобланади:
«3 ойлик, 4 ойлик деганлари ҳақиқатга тўғри келмайди. Иш қурилиш майдонида 2 хил тартибда йўлга қўйилган: бажарадиган ишига қараб ва ойлик, яъни ‘оклад’ бўйича олинадиган. Бу ерда бажарилган иши бўйича ойликларда сентябрь ойидагина камчиликлар бўлган. Текшириб, қабул қилиб олиш жараёни чўзилган. Бу ерда топширувчининг ҳам, қабул қилувчининг ҳам камчилиги бўлган. Камчиликка йўл қўйган ҳар бир ходимга йўл-йўриқ кўрсатилди, шунингдек, катта камчиликка йўл қўйганлар бўлса, ишдан олиш ёки бошқа ишга ўтказиш масаласи кўрилди. Ҳозирги кунда бу нарса амалга оширилмоқда. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, касаба уюшмаси ва ‘Ўзбекнефтгаз’ вакилларидан иборат комиссия ташкил этилди, бу комиссия ҳар бир ходим билан уларнинг муаммоларини ўрганиб, чора-тадбирлар кўради».
«Лойиҳа тасдиқланаётган маҳалда 8 мингтагача одам ишлаши режалаштирилган. Март ойида бошланган пандемия сабаб бу ерда иш жараёни сустлашиши бошланди. Республикада карантин қоидалари юмшатилганидан кейин қўшимча турадиган жой, қўшимча овқатланадиган жой, иш жойи таъминлангандан кейингина ўринларни 12 минг кишига кўпайтиришга эришилди. 12 минг одамга кўпайтирилишининг сабаби — лойиҳани муддатида топшириш. Бу орада ишчиларга бўлган эътибор четда қолганлиги ҳозир намоён бўлиб турибди. Шунинг учун ҳам бугунги кунда ишчи гуруҳ ташкил қилинган. Ҳозирда барча муаммолар ҳал этилди. Ойликлар сентябрь ойиники ҳам тўлиқ узилган. ‘Enter Engineering’ компанияси ишчиларига 43 миллиард сўм сентябрь ойи учун тўлаб берилган. Яна бир нарсани айтиб ўтишим лозим: 12 минг одамнинг ичидан ўртада битта ёки қанчадир одамда ҳисоблашда, яъни бухгалтерияда қўшимча иш вақтини ҳисобламагани учун камчиликлар чиқди. Шу ишлар ҳозир тўлиқ йўлга қўйилди. Бундан кейин бунақа камчиликлар, яъни табелни юритиш, бухгалтерия ҳисобларининг ўз вақтида юритилиши ‘Enter Engineering’ назоратига олинди», — дейди Фахриддин Абдурасулов.
Шунингдек, завод ишчилари билан бўлган суҳбатда шахсини ошкор қилишни хоҳламаган ходимларнинг баъзилари ўзларининг 60—70 кунлаб мажбурий ишлатилганини маълум қилган. Аммо компания мутасаддилари иштирокидаги савол-жавобларда завод ишчиларининг бундай муддатда иш олиб бормагани, ўз ихтиёри билан ажратилган дам олиш кунларида (8 кун) ишлаган ходимларга бу учун қўшимча ҳақ берилгани билдирилган.
Пресс-тур доирасида лойиҳанинг иқтисодий таҳлиллари бўйича тақдимот ҳам бўлиб ўтган. Унга кўра, завод ишга туширилиши билан йилига 1,5 миллион тоннагача нефть маҳсулотлари импорти камайтирилиши режалаштирилган. Йиллик қайта ишлаш қуввати 3,6 миллиард кубометрни ташкил этади. Лойиҳани амалга ошириш муддати 2017—2020 йиллар этиб белгиланган. МЧЖ заводи йилига жами 1,5 миллион тонна юқори сифатли ва экологик тоза бўлган синтетик ёқилғи ишлаб чиқаради. Жумладан,
- 724,6 минг тонна дизель ёқилғиси;
- 307,3 минг тонна авиа керосин;
- 437,3 минг тонна нафта;
- 53,4 минг тонна суюлтирилган газ.
Ҳозирда умумий лойиҳа бажарилиши жами 91 фоизга етган. Заводнинг деталь лойиҳалаш ишлари якунланган. Қурилиш-монтаж ишлари 76,3 фоизга бажарилган бўлиб, бир пайтнинг ўзида заводни ишга тушириш олди ва созлаш ишлари параллел равишда босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Материаллар, технологик ускуна ва жиҳозларни қурилиш майдонига етказиш ишлари ҳам якунига етмокда. Заводда жами 48,7 минг тонна оғирликдаги ускуна ва жиҳозлар ўрнатилиши белгиланган ва шу кунга қадар деярли барчаси технологик ҳудудда ўрнатилган.
Қурилиш майдонида 12 мингга яқин қурувчи, муҳандис ва мутахассислар жалб қилинган. Ишларга жами 750 дона оғир ва махсус қурилиш техникаси сафарбар этилган.
Жами қурилиш давомида:
- 200 минг куб метр бетон қуйиш ишлари;
- 6,5 минг км электроэнергия ва коммуникация тизимининг кабеллари ўрнатилиши;
- 40 минг тонна металлоконструкциялар ва технологик ускуналар ўрнатилиши;
- 1,5 миллион диаметр/дюйм қувурлар ўрнатилиши;
- 240 минг квадрат метрдан зиёд бўяш ва изоляция ўрнатиш ишлари бажарилмоқда.
Заводнинг асосий технологик жараёни — Фишер-Тропш синтези учун мўлжалланган реакторларни йиғиш ва монтаж ишлари тўлиқ якунланган. Қурилиш майдонида ўзбекистонлик мутахассислар, шунингдек, Япония, Италия, Корея Республикаси, Буюк Британия, Россия, Ҳиндистон, Филиппин ва бошқа давлатлардан мутахассилар жалб қилинган.
Қурилиш ишларига жалб қилинган мутахассис ва ишчилар учун муносиб дам олиш шароитларини яратиш мақсадида бир вақтда 10 мингача сиғимга эга бўлган вақтинча турар жойлар барпо этилган. Овқатланиш учун эса ошхоналарда шароитлар етарли.
Ҳозирда GTL заводида ишга тушириш олди ва созлаш ишлари бошланган.
Аввалроқ заводда ишчилар намойиши бўлгани ва компания матбуот хизмати ҳолат юзасидан «Tez News»га маълумот бергани хабар қилинганди. Таъкидланишича, ҳодиса 21 октябрь куни эрталаб ишчилар учун мўлжалланган ошхонадаги моноблок тизимидаги (электрон кириш тизими) техник носозлик туфайли содир бўлган. Оқибатда улар кундалик овқатланишга кира олмаган. Бу эса катта норозилик келтириб чиқарган.
Кейинчалик «Enter Engineering» компанияси Меҳнат кодекси талабларини қўпол равишда бузгани айтилиб. Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев «Uzbekistan GTL» заводини қураётган бу компания Меҳнат кодекси 161-моддаси талабларини қўпол равишда бузганлигини ўзининг Telegram каналида ёзиб қолдирган. Қайд этилишича, кодекснинг бу моддасида ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.