Наманган шаҳрида «Nexia» ва «Damas» тўқнашиши оқибатида ҳайдовчилардан бири шифохонага ётқизилди

Наманган шаҳрида 13 октябрь куни «Nexia» ва «Damas» иштирокида ЙТҲ содир этилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, 2020 йил 13 октябрь куни соат 08:30 ларда Наманган шаҳар «Истиқбол» маҳалла Чортоқ йўли кўчасида «Nexia» русумли автомашинани тегишли ҳужжатларсиз бошқариб бораётган ҳайдовчи ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган «Damas» русумли автомашинаси билан тўқнашган.

Натижада «Damas» русумли автомашина ҳайдовчиси қўшма шикаст, калла-мия ёпиқ шикасти, чаноқ суягининг ёпиқ синиши билан шифохонага ётқизилган.

Ушбу ҳолат бўйича Наманган шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 21 октябрь куни Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Наманган шаҳрида 2 та юк машинаси тўқнашиши оқибатида ҳайдовчилардан бири вафот этгани, Тошкентда устидан «MAN» босиб ўтиб кетган фуқаро вафот этгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар