Наманганда 300 млн сўмлик юк машинасини Ўзбекистонга ноқонуний олиб кирмоқчи бўлган эркак ушланди

Наманган вилоятида «Камаз 65115» юк автомашинасини ноқонуний равишда Ўзбекистонга олиб кирмоқчи бўлгган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Таъкидланишича, Наманган вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида фуқаро Ш.А. бошқарувидаги «Камаз 65115» юк автомашинаси тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилган.

Текширув давомида ушбу умумий қиймати 300 миллион сўмлик юк автомашинасига тегишли ҳужжатлар автомашинанинг идентификацион белгиларига тўғри келмаслиги ҳамда қўшни мамлакатдан ноқонуний тарзда олиб кирилганлиги аниқланган. Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларини чалғитиш мақсадида ушбу ноқонуний олиб кирилаётган «Камаз»га бошқа бир «Камаз»нинг давлат рақамини тақиб олган.

Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Аввалроқ Янгиқўрғонда 60 миллион сўмлик қўлқоп ҳамда ёндиргичларни Ўзбекистонга олиб кирмоқчи бўлганлар қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар