Наманганда «Nexia» пиёдани уриб, сўнгра «Hyundai porter» билан тўқнашди
Наманганда «Nexia» пиёдани уриб, сўнгра «Hyundai porter» билан тўқнашди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Хабарга кўра, 23 сентябрь куни соат 11:30 ларда Хаққулобод-Чўжа йўлининг 19 километрида «Nexia» русумли автомашинани бошқариб бораётган ҳайдовчи йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган. Сўнг қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, қаршисидан ҳаракатланиб келаётган «Hyundai porter» русумли юк автомашинаси билан тўқнашган.
Оқибатда, «Nexia» русумли автомашинада бўлган йўловчи чап оёқ товон суягини ёпиқ синиши ва пиёда иккала билак, сон соҳаси юмшоқ тўқималарини лат ейиши ташхиси билан тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
Ҳолат бўйича туман Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан 2020 йил 17 октябрь куни Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Аввалроқ Ғиждувонда «Nexia» бошқарувни йўқотиб бетон тўсиққа урилгани, Попда «Nexia» ва юк машинаси тўқнашиши оқибатида бир киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилинганди.