Ўзбекистон 4 сентябрдан 5 та йўналиш бўйича халқаро авиақатновларни қайта тиклайди
«Ўзбекистон ҳаво йўллари» АЖ 4 сентябрдан 5 та хорижий шаҳар билан мунтазам халқаро авиақатновларни қайта тиклаётгани ҳақида хабар қилди.
Унга кўра, 4 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда қуйидаги йўналишлар бўйича парвозларни мунтазам равишда қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилинган:
- Тошкент—Дубай—Тошкент: ҳафтада бир марта, 4 сентябрдан жума кунлари;
- Тошкент—Франкфурт—Тошкент: ҳафтада бир марта, 10 сентябрдан пайшанба кунлари;
- Тошкент—Олмаота—Тошкент: ҳафтада бир марта, 11 сентябрдан жума кунлари;
- Тошкент—Бишкек—Тошкент: ҳафтада бир марта, 14 сентябрдан душанба кунлари;
- Тошкент—Истанбул—Тошкент: 4, 7, 11, 14, 16, 18, 21, 23, 24, 25, 28 ва 30 сентябр кунлари.
Хабарда айтилишича, юқоридаги шаҳарлардан «Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг рейсларида парвозларни режалаштираётган йўловчилар парвоздан 72 соат олдин ПЦР орқали COVID-19 тестининг натижаси бўлган сертификатни тақдим этиши керак.
Таъкидланишича, ушбу мамлакатдан қайтаётган фуқаролар коронавирусга сўнгги 72 соатда тест топширган ва тест натижалари манфий бўлиши керак. Шунингдек, Тошкентга қайтгач, 14 кун ўзини ўзи яккалашга ўтишлари талаб қилинади.
«Йўловчилар чипталарни авиакомпания веб-сайтидан, мобил илова орқали, шунингдек, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» AЖнинг энг яқин савдо офисларидан ёки Ўзбекистон ва хориждаги савдо агентларидан сотиб олишлари мумкин бўлади», дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистон фуқароларини Япониядан олиб келиш учун 24—25 сентябрь кунлари чартер рейс амалга оширилади.
Аввалроқ Ўзбекистон фуқароларини 31 августдан 30 сентябргача хориждан олиб келиш бўйича чартер рейслар рўйхати эълон қилинганди.