Ўзбекистон қонунчилигида 1 октябрдан нималар ўзгариши маълум қилинди

Ўзбекистон Адлия вазирлигининг «Huquqiy axborot» Telegram канали мамлакатда 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этди.

Фото: Адлия вазирлигининг «Huquqiy axborot» Telegram канали

Рўйхатда қуйидаги 12 та ўзгариш қайд этилган:

  1. Тадбиркорларга «Санитария-эпидемиологик осойишталик белгиси» берилади

Тадбиркорларга уларнинг фаолияти санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мослигини ўрганиш ва таҳлиллар натижаларига асосан «Санитария-эпидемиологик осойишталик белгиси»ни бериш амалиёти жорий қилинади.

Белги Санитария-эпидемиология хизмати томонидан уч хил турдаги — «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифалар бўйича 12 ой муддатгача берилади.

Фото: «Avito.ru»

«Яшил» тоифадаги белгига эга бўлган тадбиркорлар фаолияти Санитария-эпидемиология хизмати органлари томонидан ўрганилиши ва текширилишига йўл қўйилмайди (оммавий заҳарланиш ва гуруҳли касалликлар қайд этилган ҳолатлар бундан мустасно).

  1. Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни назарда тутувчи қарорлар, аукцион ва танлов баённомалари, нотариал тасдиқланган битимлар ҳамда бошқа ҳужжатлар Миллий географик ахборот тизимида давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин кучга киради.

Миллий географик ахборот тизими юридик ва жисмоний шахсларни кадастр маълумотлари билан тезкор таъминлаш имконини беради.

  1. Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳамда алкоголь маҳсулотларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи ташкилотларнинг ноқонуний фаолияти ҳақида маълумот мавжуд бўлганда махсус ваколатли органни хабардор қилган ҳолда текширишларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.
  2. Бюджет ва корпоратив буюртмачилар раҳбарлари харид қилиниши назарда тутилган товарлар рўйхатини шакллантиришда уларни cooperation.uz порталида рўйхатдан ўтган маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилиш имкониятини мажбурий тартибда ўрганади.

Бунда корхоналар раҳбарлари маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилиш имкони бўлмаган тақдирда, импорт орқали товарлар харид қилинишининг мақсадга мувофиқлигини кузатув кенгашларига асослаб беради.

  1. Давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг, шунингдек, уларнинг аффилланган шахсларининг ва хўжалик фаолиятини амалга ошириш ваколатлари берилган давлат муассасаларининг (мудофаа қобилияти ва миллий хавфсизлик мақсадларида бундан мустасно) таъсис этилишига қуйидаги ҳолларда йўл қўйилмайди:
  • битта товар бозорида бешта ва ундан ортиқ хусусий тадбиркор фаолият юритиб келаётган соҳаларда;
  • давлат органлари томонидан ўзларига лицензиялаш, рўйхатга олиш, аккредитациядан ўтказиш ва рухсат бериш ваколати берилган соҳаларда.
  1. Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш, ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш тўлиқ тарзда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими орқали амалга оширилади.

Ушбу тизим 2020 йил 1 июлдан бошлаб синов тариқасида амалга ошириб келинмоқда.

  1. Тадбиркорлар учун яна бир имтиёз

Қуввати 140 киловаттгача бўлган электр ускуналарини тармоққа улашда сарфланадиган харажатлар тадбиркорларнинг хоҳишига кўра, давлат хизматлари марказларига техник шартларни олиш учун мурожаат қилиш билан бир вақтда берилган сўровномасига асосан «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Мазкур маблағлар кейинчалик тадбиркорлар фойдаланган электр энергияси қийматига қўшиладиган устамалар ҳисобидан 1 йил давомида ундириб олинади.

  1. Республика бюджети маблағлари ва Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари ҳисобидан таълим муассасалари учун дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни нашр этишда нархларни давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинади.
  2. Аҳолини дон маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва нархлар кескин ўзгаришининг олдини олиш мақсадида интервенцион харидлар тизими босқичма-босқич жорий этилади.

Бунда:

  • 2021 йил ҳосилидан бошлаб дон учун давлат буюртмаси ҳажмлари босқичма-босқич камайтирилади, бошоқли дон харид қилиш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор механизмлари жорий этилади;
  • озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун давлат буюртмаси тизимидан давлат захирасидан фойдаланишга ўтиш бўйича механизм ишлаб чиқиш назарда тутилади.
  1. Акциз солиғи ставкалари миқдорлари ўзгаради

Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган (хизмат кўрсатиладиган), акциз солиғи солинадиган товарлар (хизматлар)нинг айрим турларига акциз солиғи ставкалари ошади.

  1. 2020 йил 1 октябрдан бошлаб:
  • нодавлат таълим ташкилоти лицензия олганидан кейинги лицензия талаблари ва шартларидан бири — «Нодавлат таълимни бошқариш ахборот тизими»га киритиш учун тегишли маълумотларни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига тақдим этиш ҳисобланади;
  • мазкур тизимда нодавлат таълим ташкилоти, унинг таълим олувчилари, педагоглари ва таълим-тарбия жараёни тўғрисидаги ишончли маълумотнинг лицензия олингандан бошлаб 30 кун давомида йўқлиги — лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш ёки тугатиш учун асос бўлади;
  • кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжат бланкалари берганлик учун БҲМнинг 10 фоизи миқдорида йиғим жорий этилади.
  1. Ичимлик суви хизматлари учун нархлар маҳаллий Кенгашлар томонидан кўриб чиқилади

    Фото: «gorodfinansov.ru»

Сув таъминоти ва оқова сув хизматлари учун тартибга солинадиган нархлар монополияга қарши курашиш ва нархларни тартибга солиш органлари хулосалари олиниб, маҳаллий Кенгашлар қарори билан маъқуллангандан сўнг тасдиқланади.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2030 йилгача биометрик паспорт ўрнига ID-карталар жорий этилиши, Қонунчилик палатасида Адлия вазирлиги томониидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси тақдим этилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар