Қонунчилик палатасида Aдлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси тақдим этилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 8 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисида Aдлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. Бу ҳақда Aдлия вазирлиги матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, 10 августдаги «Қонун ижодкорлиги ҳамда парламент назорати жараёнлари яна-да такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни билан жорий этилган тартибга асосан адлия вазири Руслан Давлетов юқоридаги қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқишда маъруза билан сўзга чиққан.
Aдлия вазири ўз маърузасида бугунги кундаги қонунчилик аҳволи юзасидан айрим масалаларга тўхталиб ўтган. Ҳуқуқ назарияси ва қонунчилик амалиётининг узоқ йиллик тарихида шаклланган «қонун ҳужжатлари» ва «қонун» каби алоҳида фундаментал тушунчалар қонунчиликда йиллар давомида бир хил маънони англатувчи тушунчалар сифатида қўлланиб келинганлигини таъкидлаган.
Мазкур амалиётга чек қўйиш мақсадида қонун ҳужжатларида «қонунчилик», «қонунчилик ҳужжати» ва «қонун ҳужжати» каби тушунчаларни умумэътироф этилган мазмуни ва маъносига кўра баён этиш таклиф этилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан:
- Ўзбекистон Республикаси Конституцияси;
- Ўзбекистон Республикасининг 5 та конституциявий қонунлари;
- Ўзбекистон Республикасининг 19 та кодекси;
- Ўзбекистон Республикасининг 278 та қонунларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилган.
Қонун лойиҳаси «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» янги таҳрирда ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси билан бирга кўриб чиқилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда мансабдорларнинг хизмат машиналарига GPS ўрнатилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.