Ўзбекистонда октябрь ойида кузатилган инфляция миқдори маълум қилинди
Ўзбекистонда октябрь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 2,3 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 0,8 фоизга, хизматлар 0,7 фоизга қимматлашиб, инфляция миқдори 1,4 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, октябрь ойида истеъмол нархлари ва тарифларининг ўртача даражаси 1,4 фоизга ўсган. Январь—октябрь ойларида истеъмол бозорида нархлар ва тарифлар ўртача 7,8 фоизга кўтарилган. Октябрь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 2,3 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 0,8 фоизга, хизматлар 0,7 фоизга қимматлашган. Йилнинг ўн ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари даражаси 10 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 6,9 фоизга, хизматлар нархи 5,2 фоизга ўсган.
Октябрь ойида кузатилган озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий гуруҳлари орасида нархларнинг сезиларли ўсиши тухум (17,7 фоиз), сариёғ ва ёғлар (9,5 фоиз), мева ва сабзавотлар (3,2 фоиз), шунингдек, шакар, чой ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари нархларида қайд этилган (2,3 фоиз). Бир ой давомида сут маҳсулотлари 0,9 фоизга, гўшт, парранда гўшти ва балиқ, алкоголли маҳсулотлар 0,7 фоизга, нон маҳсулотлари 0,5 фоизга кўтарилган. Умумий овқатланиш соҳасида нархлар 1,3 фоизга қимматлашган.
Бундан ташқари нархлар ўсиши бўйича етакчилик автоуловларнинг ёқилғиси нархи бўйича бўлиб, улар ўртача 1,7 фоизга қимматлашган.
Октябрь ойида аҳолига пуллик хизматлар тарифлари 0,7 фоизга ошган. Йўловчилар транспорти хизматлари нархи бир ойда 1,8 фоизга, шу жумладан, ҳаво хизматлари 5,2 фоизга, автомобиллар 1,4 фоизга, темир йўллар 0,2 фоизга ўсган.
Умуман олганда, январь—октябрь ойларида тарифлар нархининг энг кўп ўсиши давлат мактабгача таълим ташкилотлари (15,2 фоиз), дам олиш хизматлари (10 фоиз), йўловчилар транспорти (9,9 фоиз) ва маиший хизматларда (9,7 фоиз) кузатилган.
Аввалроқ Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдиргани ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, Марказий банк 2020 йил январь—сентябрь ойларидаги халқаро пул ўтказмалари ҳажмини маълум қилгани, ЕТТБ 2020 йил Ўзбекистонда ЯИМнинг қисқаришини прогноз қилгани маълум қилинган.