Марказий банк 2020 йил январь—сентябрь ойларидаги халқаро пул ўтказмалари ҳажмини маълум қилди

Ўзбекистонда 2020 йил январь—сентябрь ойларида халқаро пул ўтказмалари орқали республикага келиб тушган валюта маблағлари ҳажми 4,3 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банкнинг ички валюта бозоридаги ҳолат бўйича ахборотида айтиб ўтилган.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, сентябрь ойида пул ўтказмалари миқдори 638 миллион долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 фоизга ошган. Бу, ўз навбатида, халқаро пул ўтказмалари ҳажмининг мувозанатлашиб бораётганлигидан далолат беради.

Ички валюта бозорида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 2020 йилнинг январь—cентябрь ойлари давомида жами 10,7 миллиард долларлик хорижий валюта сотиб олинган. Мазкур даврда ички валюта бозорида хорижий валютадаги умумий таклиф ҳажми 7 миллиард долларни ташкил этиб, қолган 3,7 миллиард долларлик талаб эса Марказий банкнинг интервенциялари ҳисобига тўлиқ қондирилган.

Инфографика: Марказий банк матбуот хизмати

Ҳисобот даврида ички валюта бозоридаги Марказий банкнинг интервенциялари олтин-валюта захираларининг нейтраллиги тамойилига асосланган ҳолда маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинган олтин миқдори доирасида амалга оширилган.

«Марказий банк келгуси октябрь—декабрь ойлари давомида ҳам ушбу тамойилга асосан ички валюта бозорига интервенцияларни амалга ошириб боради. Бунда ички валюта бозорида хорижий валютага бўлган талабнинг сезиларли даражада ошиши кузатилган ҳолатларда, заруриятга қараб, йил бошидан олтин хариди ва амалга оширилган интервенция операциялари ўртасидаги тафовутдан ҳосил бўлган 300 миллион доллар миқдоридаги валюта захираси ҳам ушбу мақсадларга йўналтирилиши мумкин.

Мазкур даврда жисмоний шахслар томонидан валюта айирбошлаш шохобчалари орқали сотилган чет эл валютаси миқдори 3,2 миллиард долларни ташкил этиб, айни пайтда улар томонидан 2,9 миллиард доллар сотиб олинди.

Ҳозирги кунда жисмоний шахслар билан валюта операцияларини амалга ошириш учун тижорат банклари кассаларида нақд хорижий валюта қолдиғи 480—550 миллион доллар миқдорида бўлиши таъминланмоқда», дейилади Марказий банк ахборотида.

Aввалроқ Марказий банкда қимматбаҳо металларни сақлаш ва улар билан ишлаш хизмати ташкил этилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда Давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича кафолат жамғармаси ташкил этилган.