Ўзбекистонда Давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича кафолат жамғармаси ташкил этилди

«Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги ҳузурида Давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича кафолат жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар берди.

Қарорга мувофиқ, Молия вазирлиги Ғазначилиги ҳузурида Давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича кафолат жамғармаси ташкил этилди. Шу ўринда, жамғарма юридик шахс ҳисобланмаслиги кўрсатилган.

Шунингдек, қарорда давлат қарзи ҳисобига молиялаштирилган лойиҳа ва дастурлар бўйича қарздор ташкилотлар ёки қайта молиялаштирувчи банклар ўз қарз тўловларини вақтида ва тўлиқ амалга оширмаган ҳолатларга тўхталиб ўтилган. Бундай ҳолларда мазкур қарздорлик, биринчи навбатда жамғарма маблағлари, жамғарма маблағлари етарли бўлмаса, давлат бюджети маблағлари ҳисобига қопланиши белгиланган.

Бундан ташқари қарор билан Молия вазирлиги Ғазначилиги ҳузуридаги Давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича кафолат жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Низомга кўра, Ўзбекистоннинг давлат кафолатлари учун тўловлар қарзнинг қолдиқ суммасига камида йиллик 0,5 фоиз миқдорида белгиланади. Қарздор ташкилотлардан тўловлар 30 календарь кун давомида тўлиқ қайтарилмаган тақдирда, мазкур тўланмаган қарздорлик ва унга ҳисобланган пенялар ҳамда қўлланилган жарималар суд тартибида ундирилади. Кафолат жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш ҳисоби Ғазначилик томонидан юритилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда Марказий Осиё институти ташкил этилгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ташкил этилган эди.

Янгиликлар