Марказий банкда қимматбаҳо металларни сақлаш ва улар билан ишлаш хизмати ташкил этилди
Президентнинг 22 cентябрь кунги «Қимматбаҳо металлар муомаласини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, Марказий банк ҳузуридаги Қимматбаҳо металлар агентлиги тугатилиб, Марказий банкда қимматбаҳо металларни сақлаш ва улар билан ишлаш хизмати ташкил этилди. Шунингдек, биржа савдоларида сотиладиган қимматбаҳо металларни республика ҳудудларига етказиб бериш механизми жорий этилади.
Бундан ташқари, жисмоний шахслар тегишли сертификатлар мавжуд бўлганда, қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбилар ва Марказий банкнинг қимматбаҳо металлардан тайёрланган тангаларини республика ҳудудидан ташқарига божхона декларациясини тўлдирган ҳолда чекловларсиз олиб чиқиши мумкин.
Аввалроқ Ўзбекистон меҳнат, миграция ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича халқаро шартномага қўшилиши ва Ўзбекистонда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ҳужжатлари давлат тилида тан олиниши лозимлиги белгилангани ҳақида хабар берилган эди.
Шунингдек, Ўзбекистонда маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари бўйича таклифлар давлат экспертизасидан ўтказилиши ҳамда Давлат кадастри қўмитасининг айрим функциялари Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказилгани маълум қилинди.