Давлат кадастри қўмитасининг айрим функциялари Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказилди

«Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент фармони 7 сентябрь куни қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-канали хабар берди.

Фармонга кўра, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг қуйидаги вазифалари, функциялари ҳамда ваколатлари Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказилди:

  • қишлоқ хўжалиги ерлари ва экинларини мониторинг қилиш;
  • қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш;
  • қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилиш бўйича давлат назоратини амалга ошириш;
  • тупроқ бонитировкасини ўтказиш;
  • қишлоқ хўжалиги ерларининг меъёрий қийматини аниқлаш;
  • тупроқ унумдорлигини ошириш;
  • тупроқшунослик, геоботаникага оид тадқиқотларни амалга ошириш.

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси негизида Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ташкил этилди ва унинг вазифалари белгиланди.

Жумладан, aгентлик кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказади, давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритади.

Фармонга мувофиқ, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, ўзгариши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлишини назарда тутувчи қарорлар, аукцион ва танлов баённомалари, нотариал тасдиқланган битимлар ҳамда бошқа ҳужжатлар Ўзбекистон Миллий географик ахборот тизимида давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин кучга киради.

Шунингдек, фармонда 2021 йил 1 январдан бошлаб ер тури, контури, чегараси ва ҳуқуқ эгалари ҳақидаги барча маълумотлар Кадастр агентлигининг онлайн геопорталига киритилиши белгиланган. Онлайн геопортал Миллий геоахборот тизимига интеграция қилинади.

Ер баланси ва унинг ҳисоботи, туман (шаҳар) ер кадастри дафтари фақат Миллий геоахборот тизимида юритилади.

Эслатиб ўтамиз, июль ойида кадастр тизимида «тозалаш ишлари» ўтказилган эди.

Аввалроқ Ромитанда Ер ресурслари ва давлат кадастри хизмати бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилгани, Самарқандда 600 га яқин МФЙ биноларининг кадастр ҳужжатлари қилинмагани маълум бўлган эди.

 

Янгиликлар