Ўзбекистонда маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари бўйича таклифлар давлат экспертизасидан ўтказилади

Шавкат Мирзиёев томонидан «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида»ги қонун имзоланди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» каналида маълум қилинди.

Қайд этилишича, қонун билан маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари бўйича таклифларни давлат экспертизасидан ўтказиш механизмлари ва мазкур масалаларда махсус коммиссиялар тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш белгиланди. Қонунга мувофиқ, махсус комиссиялар маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари юзасидан Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши таклифларини ҳамда ҳокимларнинг илтимосларини кўриб чиқади ҳамда давлат экспертизасидан ўтказади.

Шунга кўра комиссия таклиф ёки илтимосномани бир ой ичида кўриб чиқиб, давлат экспертизаси якунларига кўра хулоса тайёрлайди. Комиссияларнинг ишлаш ва уларнинг фаолиятини тугатиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Қонунга мувофиқ, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг мазкур соҳадаги ваколатлари ва вазифалари белгилаб берилди. Жумладан, Олий Мажлис палаталари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Қорақалпоғистоннинг маъмурий-ҳудудий тузилиши масалаларига доир таклифларини келишади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд шаҳри ҳудуди кенгайтирилиши натижасида миллион аҳолига эга шаҳарга айланиши мумкинлиги, Марғилон шаҳри 730 гектардан ортиқ майдонга кенгайтирилиши ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар