Ўзбекистонда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ҳужжатлари давлат тилида тан олиниши лозимлиги белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг 24 августдаги қарори билан «Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ва унга тушунтиришлар матнини тан олиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар берди.

Қайд этилишича, низомга мувофиқ Ўзбекистон ҳудудида қўллаш учун молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ва унга тушунтиришлар (МҲХС ҳужжатлари) матнини тан олиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

  • Молия вазирлиги томонидан Молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари фонди билан МҲХС ҳужжатларини давлат тилига таржима қилиш ва бошқа тилларда фойдаланиш ҳуқуқини олиш учун шартнома тузилади;
  • Ўзбекистон ҳудудида қўллаш учун МҲХС ҳужжатлари экспертизадан ўтказилади;
  • Молия вазирлигининг Ўзбекистон ҳудудида қўллаш учун МҲХС ҳужжатларини тан олиш тўғрисидаги буйруғи қабул қилинади ва Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилади ҳамда белгиланган тартибда эълон қилинади.

Шунингдек, низомда Ўзбекистон ҳудудида қўллаш учун МҲХС ҳужжатларининг давлат тилидаги матни тан олиниши лозимлиги таъкидланган.

Бунга қўшимча, Ўзбекистон ҳудудида қўллаш учун тан олинган МҲХС ҳужжатларининг республика ҳудудида амал қилишини тугатиш молия вазирининг буйруғи билан расмийлаштирилиши маълум қилинган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 1 ноябрдан хорижда ишлаб чиқарилган алоҳида товарлар вақтинча давлат харидларида иштирок этмаслиги хабар қилинган эди.

Янгиликлар