Ўзбекистонда тадбиркорлар давлат хизматлари кўрсатилишида агент сифатида иштирок этиши мумкин
Ўзбекистонда тадбиркорлар давлат хизматлари кўрсатилишида агент сифатида иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram’даги «Huquqiy axborot» каналида хабар берилди.
Маълум қилинишича, 2021 йил 1 мартдан тадбиркорлар давлат органлари ва ташкилотлари томонидан айрим турдаги давлат хизматлари кўрсатилишида агент сифатида иштирок этиши мумкин.
Бунда:
- агент сифатида хизматларни кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари ходимлари аккредитациядан ўтган ўқув марказлари томонидан бериладиган ва кўрсатилиши мумкин бўлган хизматлар турлари аниқ белгиланган сертификатга эга бўлиши шарт;
- сертификатлар 3 йил муддатга берилади ва уларни бериш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади;
- тадбиркорлар томонидан агент сифатида хизматларни кўрсатиш Давлат хизматлари агентлигининг ягона платформаси доирасида амалга оширилади;
- Давлат хизматлари агентлиги агент сифатида хизматларни кўрсатувчи тадбиркорларнинг ягона электрон реестрини шакллантиради ва юритади;
- фуқаролар учун ягона электрон реестр орқали ўзига қулай агентларни танлаб олиш имконияти яратилади;
- агент хизматлари учун фуқаролар томонидан алоҳида тўлов амалга оширилади, бунда нархлар тадбиркорлар томонидан мустақил равишда белгиланади ҳамда келиб тушадиган маблағлар тўлиқ ҳажмда унинг тасарруфида қолади;
- тадбиркорлик субъектлари томонидан агент сифатида хизматлар кўрсатилиши тақиқланган давлат хизматлари рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда тадбиркорларга йўлларда қоидабузарликни аниқловчи камералар ўрнатиш ҳуқуқи берилади
Аввалроқ Ўзбекистонда тадбиркорлар «права» имтиҳонларини ўтказиш ҳуқуқига эга бўлиши ҳақида хабар берилган эди.