Ўзбекистонда тадбиркорларга йўлларда қоидабузарликни аниқловчи камералар ўрнатиш ҳуқуқи берилади

Ўзбекистонда 2021 йил 1 мартдан тадбиркорларга йўл ҳаракати қоидаларини бузганлигини қайд этувчи автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситалари ўрнатилишини ташкил этиш ҳуқуқи берилади. Бу ҳақда Aдлия вазирлигининг «Huquqiy axborot» Telegram каналида маълум қилинди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, бу Президентнинг 7 декабрь куни қабул қилинган «Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига киритлган.

Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатиладиган жойларни тадбиркорларга бириктириш электрон аукцион савдолари орқали амалга оширилади. Электрон аукцион савдоларида ғолиб бўлган тадбиркорларга бундай жойлар чекланмаган муддатга ва бошқа тадбиркорга ўтказиш ҳуқуқи билан бириктирилади.

Маълум қилинишича, 2021/2022 йилларда республика бўйича жами 3 356 та интеллектуал видеокамералар ҳамда 763 та стационар радарлар ўрнатилади.

Aввалроқ Ўзбекистонда телефонда тасвирга олинган йўл қоидабузарликларига ҳам жарима қўлланилиши ҳақида хабар берилганди.