Ғиждувоннинг айрим ҳудудларига 2021 йилда 4,4 млрд сўмлик қўзғалмас радарлар ўрнатилади

Бухоро вилояти Ғиждувон туманининг айрим ҳудудларига 2021 йилда умумий қиймати 4,4 миллиард сўм бўлган қўзғалмас радарлар ўрнатилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Хабарга кўра, туманни 2021 йил I чоракда рақамли трансформация қилиш бўйича «Йўл харитаси»га асосан умумий қиймати 4,4 миллиард сўмга тенг бўлган Ғиждувон шаҳар ҳудудидаги 4 та серқатнов чорраҳада ҳамда туманга кириш ва чиқиш жойларда тезликни ўлчайдиган қўзғалмас радарлар, деҳқон ва буюм бозорлар олдида камералар ўрнатиш ҳамда деҳқон ва буюм бозорларида мавжуд бўлган кузатув камераларини туман ИИО ФМБда ташкил этилган вазиятни кузатиш марказига интеграция қилиш бўйича лойиҳа ҳужжатлари тайёрланган.

Таъкидланишича, вилоят Ички ишлар бошқармаси ЙҲХБ ихтиёрида 5 та «AutoSon» русумли автоматлаштирилган фото-видео қайд қилиш мосламаси мавжуд бўлиб, бириктирилган ходимлар хизмат фаолияти устидан доимий назорат ўрнатилган. Бундан ташқари, яна 8 та махсус автоматлаштирилган стационар фото ва видеофиксация радарлари харид қилиниб, ҳозирги кунда ушбу техник воситалар тўлиқ ишга туширилган. Мазкур радар мосламаларининг 6 таси Бухоро шаҳри ҳудудидан ўтган халқаро автомобил йўлларида, қолган 2 таси эса Когон тумани ҳудудидан ўтган халқаро автомобил йўлида ўрнатилган.

Маълум қилинишича, айни вақтга қадар ушбу автоматлаштирилган фото-видео қайд қилиш мосламалари орқали 44 минг 835 та қоидабузарлик аниқланган. Шунингдек, 2020 йилнинг ўтган даврида умумий йўл-транспорт ҳодисалари 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 13,1 фоизга ёки 236 тадан 205 тага, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сони эса 15,9 фоизга ёки 69 тадан 58 тага камайгани қайд этилган.

Aввалроқ, Бухорода 2020 йилда 237 нафар шахсга фуқаролик берилгани ҳамда Бухорода транспорт воситасини онлайн тарзда жарима майдонидан олиб чиқиш мумкинлиги ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар