Ўзбекистондан Қозоғистонга мунтазам авиақатновлар қайта тикланди
Ўзбекистон 11 cентябрь, жума кунидан эътиборан Қозоғистон билан мунтазам авиақатновларни расман тиклади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, Транспорт вазирлиги Қозоғистон авиация маъмурияти билан мунтазам халқаро йўловчи авиақатновларини тиклаш бўйича олиб борган музокаралар якунига кўра «Uzbekistan Airways» ва «Air Astana» авиакомпанияларига сентябрь ойидан бошлаб паритет тамойили асосида Тошкент—Олмаота—Тошкент йўналишида мунтазам парвозларни бажаришни бошлаш бўйича келишувга эришилганди.
Мазкур йўналиш бўйича қатновлар ҳафтанинг жума кунлари амалга оширилади. 11 сентябрдан эътиборан «Uzbekistan Airways» ва «Air Astana» авиакомпаниялари ушбу йўналишда парвозларни бажаришни бошлаган.
«Air Astana» авиакомпаниясининг Олмаота—Тошкент—Олмаота йўналишида парвозни амалга оширган самолёти 11 сентябрь куни соат 12:40 да Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аеропортига келиб қўнган. Ушбу йўналиш бўйича учиш истагида бўлган йўловчилар батафсил маълумотларни авиакомпанияларнинг расмий веб-сайтидан олиши мумкин.
Aввалроқ Ўзбекистон 4 сентябрдан 5 та йўналиш бўйича халқаро авиақатновларни қайта тиклаши хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкент—Токио—Тошкент йўналишлари бўйича парвозлар вақти эълон қилинган.