Пастдарғомда 2021 йилда босқичма-босқич ғаллачилик кластери ташкил этилади

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида 2021 йилда босқичма-босқич ғаллачилик кластери ташкил этилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Пастдарғом тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, халқ депутатлари Пастдарғом тумани кенгашининг ўн олтинчи сессияси бўлиб ўтган. Сессияда туман ҳокимининг ўринбосари, депутатлар, шунингдек, кун тартибидаги масалалар юзасидан масъуллар карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда иштирок этган. Сессияни туман кенгаши раисининг ўринбосари олиб борган.

Фото: Пастдарғом тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Сессия кун тартибида туманда ғаллачилик йўналишида кластер ташкил этиш, Пастдарғом туманида коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида масалалар муҳокама қилинган.

Фото: Пастдарғом тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Шунингдек, туманда қишлоқ хўжалиги соҳасини диверсификация қилиш орқали бошоқли дон экинларидан юқори ҳосил олиш, паррандачилик, чорвачилик ва балиқчилик тармоқларининг озуқага бўлган талабини қондириш, ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг иқтисодий манфаатдорлигини ошириш масалалари кўриб чиқилган. Унга кўра халқ депутатлари Пастдарғом туман кенгаши 2021 йилдан бошлаб ғаллачилик кластерини босқичма-босқич ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Фото: Пастдарғом тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Аввалроқ Булунғурда минг гектар ерда 2 миллиард долларга чорвачилик кластери ташкил этилиши ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар