Булунғурда минг гектар ерда 2 млрд долларга чорвачилик кластери ташкил этилади

Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги Ғўбдин массивида «Metin group impeks» МЧЖ томонидан минг гектар ерда чорвачилик кластери ташкил этилмоқда.

Фото: Булунғур тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Булунғур тумани ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, бугунги кунда ажратилган ер майдонида дастлабки қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, ҳар бири 1 гектардан майдонни эгаллаган, чуқурлиги 5 метр бўлган 3 та ҳовуз тайёрланмоқда.

Ушбу ҳовузлар учун келгусида 36 та артезиан ўрнатилиб, улар орқали ўзлаштирилмаган, сув таъминоти қийин бўлган майдонлар кўкаламзорлаштирилади.

«Лойиҳанинг ўзига хос жиҳати ушбу майдонлар анъанавий усулда ёки томчилатиб эмас, сув пуркаш йўли билан суғорилади. Ушбу технология Ўзбекистон шароити учун янги бўлиб, мутахассисларнинг таъкидлашича, томчилатиб суғоришдан кўра ўзига хос афзалликларга эга бўлади», — дейилади хабарда.

Умумий қиймати 2 миллиард 220 минг долларни ташкил этган ушьбу лойиҳа 2021 йилда ишга туширилиши кўзда тутилган.

Аввалроқ Булунғурдаги 281 нафар ишсиз ёшга 132 гектар экин майдони ажратилгани, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 10 та бепул уй ва 100 та иссиқхона қуриб берилиши хабар берилганди.

Янгиликлар