Булунғурда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 10 та бепул уй ва 100 та иссиқхона қуриб берилади
Самарқанд вилояти Булунғур туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 10 та бепул уй ва 100 та иссиқхона қуриб берилади. Бу ҳақида туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Булунғур туманидаги маҳаллаларда 10 га яқин икки сотихли, 3 хонали уйлар қурилмоқда. Ҳомийлар маблағлари ва ҳашар йўли билан қурилаётган ушбу уйлар яшаш жойи бўлмаган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳеч қандай тўловсиз берилади.
Маҳалладаги ҳар бир уй иситиш тизими, ичимлик суви ўрнатилган, электр энергияси билан таъминланган, тўлиқ жиҳозланган ҳолатда топширилиши режалаштирилган.
Шунингдек, туманда камбағал оилалар учун 100 та иссиқхона қурилмоқда. Қўнғирот маҳалласи ҳудудидан илгари фойдаланилмай келинган 2,5 гектар ер майдонида 100 та иссиқхона қуриш ишлари бошланди. Енгил конструкцияли ушбу иссиқхоналар учун 1 миллиард 300 миллион сўм маблағ сарфланиши белгиланган. Маблағнинг 50 фоизи туман бандлик бўлими томонидан субсидия асосида, қолган 50 фоизи тижорат банклари томонидан кредит ҳисобидан қоплаб берилади. «Туронбанк» томонидан ажратилаётган имтиёзли кредит муддати 5 йил бўлиб, имтиёзли даври икки йил, йиллик фоиз ставкаси 15 фоизни ташкил этади. Банк ҳеч қандай гаров таъминоти талаб қилмайди.
Аввалроқ Марҳаматда «темир дафтар»даги фуқароларга бройлер жўжалари тарқатилгани, Ғиждувонда яна 9 та оила камбағалликдан чиқарилиши ҳамда Бешариқда эҳтиёжманд оилаларга 315 миллион сўмлик ёрдам кўрсатилгани ҳақида хабар берилганди.
Ундан ташқари, наманганлик фуқаронинг 2 сотихли ерига иссиқхона қуриб берилгани ҳақида хабар қилинган. Шунингдек, Ургутда 100 гектар майдонда интенсив боғ ташкил этилган эди.