Ғиждувонда яна 9 та оила камбағалликдан чиқарилади

Бухоро вилоят Ғиждувон туман ҳокимининг 2020 йил 10 апрелдаги 323-сонли қарорига асосан «Ғиждувон томорқа экспорт» ишлаб чиқариш кооперативи ташкил қилинган. Унга тумандаги «Армечан» МФЙ дан 3 гектар ер майдони ажратилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, кооператив тартибидаги ер майдони туманда кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга мухтож 9 та оилага ажратиб берилган. Фуқаролар дастлаб иш бошлаши учун туман бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда ҳар бир фуқарога 2 230 000 сўмдан субсидия ажратилган. Ҳудуддаги фермер хўжалиги техника ва механизмлари ёрдамида экин ерлари фуқароларга тақсимланиб, экишга тайёрлаб берилган. Уларнинг ҳар бирига 18 400 000 минг сўмдан имитиёзли кредитлар ажратилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Фермер, деҳқон ҳўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғарма хисобидан «Ғиждувон томорқа экспорт» ишлаб чиқариш кооперативига 500 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилиб, сармоя ҳисобидан кооперативда жами 68 сотихли иссиқхона қуриб битказилди.

Ғиждувон туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Фарҳод Жабборовнинг таькидлашича, ҳозирги вақтда ушбу иссиқхонада 9 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Бу жойда 19 минг дона булғор қалампири, 4 минг дона аччиқ қалампир ва 2 минг дона бақлажон, жами 25 минг дона кўчат экилган бўлиб, агротехник талабга мувофиқ парваришланмоқда. Уч ой давомида ушбу кўчатлардан 40-45 тонна ҳосил етиштириш ва ундан қўлга киритиладиган даромадни 180 миллион сўмга етказиш кўзда тутилган. Албатта, моддий манфаатдорлик хисобидан бу оилаларнинг яшаш шароити яхшилаш ва камбағалликдан чиқаришга эришилади.

Аввалроқ Наманганда «темир дафтар»га киритилган 85 оиладан 64 таси камбағал оилалар сафидан чиқарилиши ҳақида хабар берилганди. 

Янгиликлар