Қўйлиқдаги 21-санчастга бомба қўйилгани ҳақида ёлғон маълумот берган қиз қидирилмоқда

Тошкент шаҳри Қўйлиқ даҳасидаги 21-санчастга бомба қўйилгани ҳақида ёлғон маълумот берган қиз қидирилмоқда. Бу ҳақда «Tez News»нинг ИИББдаги манбалари хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси Навбатчилик қисмининг 102 рақамига 30 сентябрь, чоршанба куни соат 18:11 да қўнғироқ бўлган. Телефонда ўзини Учтепа тумани 25-даҳа 5-уй 4-хонадонда яшовчи 1999 йилда туғилган Х.М. дея таништирган фуқаро танишлари 1974 йилда туғилган Ш.И. ва унинг турмуш ўртоғи Компасс савдо мажмуаси олдида ўзаро гаплашиб ўтирган вақтида 21-сонли санчасть тарафдан портловчи модда қўйиб қўйишганлиги ҳақида эшитганлиги ҳақида хабар берган.

Мазкур хабар бўйича олиб борилган тезкор-суриштирув ишлари давомида қўнғироқ қилинган рақам эгаси Шайхонтоҳур туманида жойлашган «Самарқанд дарвоза» савдо мажмусида сотувчи бўлиб ишловчи ходимга тегишли эканлиги аниқланган.

Қайд этилишича, рақам эгасининг олдига нотаниш қиз келиб, қўнғироқ қилиб олиш учун телефонини сўраган.

Суриштирув ишлари давомида қўнғироқ қилган қиз Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани «Машъал» МФЙ Абай Мамт кўчаси 59-уйда яшовчи, миллати қозоқ, маълумоти ўрта, турмушга чиқмаган, вақтинча ишсиз, 1998 йилда туғилган И.А. эканлиги аниқланган.

Ҳозирда А.И.ни ушлаш чоралари кўрилмоқда.

Фуқаро А.И.нинг видеотасма ёзувларидан олинган ҳозирги ташқи кўриниши: сочлари орқага йиғилган, ранги қора, эгнида кулранг (кардиган) жемфер ва ичидан қора олдида расми бор футболка, ҳаво рангли жинси шим, оёғига қора макасима кийган.

Маълумот учун, А.И. муқаддам 2017 йилда Жиноят кодексининг 277-моддаси билан судланган.

Аввалроқ Навоийда бедарак йўқолган тўрт киши қидирувга берилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Фарғонада бедарак йўқолгани айтилган 27 ёшли қиз топилгани маълум қилинди.

Янгиликлар