Қўқонда хонадондан 50 минг долларлик тақинчоқ ва бриллиант тошларни ўғирлаган шахс қамоққа олинди
Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида хонадондан 50 000 долларлик тилла тақинчоқ ва брилиант тошларни ўғирлаган шахс қамоққа олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Қўқон шаҳрида 29 август куни фуқаро Ф.А. К.Х.нинг уйига ғайриқонуний равишда кирган. Меҳмонхонасидаги шкафдан умумий қиймати 50 000 АҚШ долларлик 13 турдаги тилла тақинчоқ ва 3 дона турли хажмдаги бриллиант тошларини яширин равишда ўғирлаб кетган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Фуқарога нисбатан суд томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда сейфни бузиб, 50 миллион сўмдан зиёд пулни ўғирлаб кетган шахс ушлангани ҳамда Ёзёвонда дала шийпонидан умумий қиймати 2,5 миллион сўм бўлган автомашина шиналарини ўғирлаган шахслар қўлга олингани ҳақида хабар қилинганди.