Самарқандда сейфни бузиб, 50 млн сўмдан зиёд пулни ўғирлаб кетган шахс ушланди

Самарқанд вилояти Нарпай туманида сейфни бузиб, 50 миллион сўм ва 200 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни ўғирлаб кетган шахс ушланди. Бу ҳақида вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, 20 август куни Нарпай туман ИИБга «Сарбозор» маҳалласида яшовчи, фуқаро М. ариза билан мурожаат қилган. Унга кўра, 19 август соат 03:30 дан 20 август соат 09:35 лар оралиғида, номаълум шахс фуқаро М.нинг уйига кирган. Ётоқхонасидаги темир сейф қулфини бузиб, ичидаги 50 000 000 сўм ҳамда 200 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини яширин равишда талон-торож қилган. Ўзи эса воқеа жойидан яширинган.

Олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари натижасида ушбу ўғрилик, Нарпай тумани «Саловат» маҳалласида яшовчи, фуқаро М. томонидан содир этилганлиги аниқланган. Ундан 50 000 000 сўм ва 200 АҚШ доллари далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилиб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Нарпай тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғирлик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс уч йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Аввалроқ Наманганда 15 300 долларлик маиший техника буюмларини сотиб юборган сохта дилер, Самарқандда машинадан 2 800 000 сўм ҳамда атир ўғирлаган 3 фуқаро ҳамда Фарғонада 1 миллион сўмлик телефон ўғирлаган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Маълумот учун, Самарқандда сўнгги 7 ойда 321 та йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 127 киши ҳалок бўлгани маълум қилинган. Шунингдек, Фарғонада сўнгги 7 ойда содир этилган ўғирлик жиноятларининг 10 фоизи автомашиналар билан боғлиқлиги ҳақда хабар берилганди.

Янгиликлар