Самарқандда машинадан 2 800 000 сўм ҳамда атир ўғирлаган 3 фуқаро қўлга олинди

Самарқанд шаҳрида «Lacetti» автомобили ичидаги 2 800 000 сўм пул ҳамда 1 дона баҳоси 100 минг сўм бўлган атир ўғирлаган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, 18 август куни Самарқанд шаҳри бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 7-сон ИИБга Самарқанд шаҳрида яшовчи А.Д. ариза билан мурожаат қилиб, 8 августдан 9 августга ўтар кечаси соат 02:00 ларда номаълум шахс унинг хонадони олдида турган «Lacetti» русумли автомашинасининг олд эшигини очиб, ичида бўлган 2 800 000 сўм миқдоридаги пул ва бир дона баҳоси 100 000 сўм бўлган эркаклар атирини яширин равишда талон-торож қилиб, воқеа жойидан яширинганлигини маълум қилган.

Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 7-сон ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу жиноятни Самарқанд шаҳар А.Адхамов кўчасида яшовчи С.П., Самарқанд шаҳар Инқилоб кўчасида яшовчи К.А. ва Самарқанд шаҳар Хўжа Дониёрбек кўчасида яшовчи К.А.лар олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб содир қилганлиги аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада фуқарога тан жароҳати етказиб, телефони ва пулини тортиб олган шахсларга жиноий иш қўзғатилгани, Наманганда қўшнисининг уйини ўмарган шахс қўлга олингани ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар