«Сардоба»даги 1 826 та уйда таъмирлаш ишлари 97 фоизга бажарилди
АОКА ҳузуридаги штабда 12 август куни Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Жалол Арашов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Брифингда «Сардоба» сув омборида юзага келган тошқин оқибатларини бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берилди. Унга кўра:
- жами 74 591 нафар аҳоли ўз яшаш манзилларига қайтарилди. 14 859 нафар аҳоли кўчирилган ҳудудларда яшамоқда;
- 1 826 та уйда таъмирлаш ишлари 97 фоизга бажарилди;
- ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияларига жами 128 млрд сўм ажратилди;
- кўп квартирали уй-жойларни таъмирлаш ва уларнинг туташ ҳудудини тиклаш ҳамда ободонлаштириш учун жами 35,6 млрд сўм маблағ сарфланади. Хусусан, уйларни таъмирлаш учун 29,7 млрд сўм ва ободонлаштириш ишларига 5,9 млрд сўм сарфланади;
- 2020 йилнинг 20 августига қадар кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш ва 25 августга қадар туташ ҳудудларини ободонлаштириш ишларини тўлиқ якунлаш режалаштирилди;
- Ижтимоий соҳа объектлари қурилиш-таъмирлаш ишлари жами 45 фоизга, шундан: умумтаълим мактаблари бўйича 44%, мактабгача таълим ташкилотлари бўйича 15%, соғлиқ сақлаш муассасалари бўйича 53% ва 1 та коллеж бўйича 31 фоизга бажарилди.
Маълумот ўрнида, 2020 йилнинг 1 май куни соат 05:55 да Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба» сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Натижада Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган. ФВВнинг таъкидлашича, ҳалокатнинг биринчи дақиқаларидаёқ «Сардоба» сув омбори ҳудуди атрофида истиқомат қиладиган 70 минг аҳоли хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган ҳамда Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудида ташкил этилган махсус муассасага жойлаштирилган.
Аввалроқ Сардобада янги қурилган 700 га яқин уй-жойга аҳоли қайтгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Сардоба фожиаси юзасидан 9 киши қамоққа олинган.