Шавкат Мирзиёев ЕОИИ саммитида иштирок этади

Шавкат Мирзиёев Беларусь Президенти, Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши раиси Александр Лукашенконинг таклифига биноан 2020 йил 11 декабрь куни Евроосиё иқтисодий иттифоқининг видеоанжуман шаклида ўтадиган саммитида иштирок этади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, тадбирда ЕОИИга аъзо давлатлар – Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, шунингдек, кузатувчи мақомидаги Молдова ва таклиф этилган мамлакат сифатида Куба етакчилари иштирок этади.

Ўзбекистонга ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини бериш саммит кун тартибидаги асосий масалалардан биридир. Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигининг устувор йўналишларини белгилаб бериши кутилмоқда.

Маълумот учун, 2020 йил май ойида Ўзбекистон Олий Мажлиси мамлакатнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи фаолиятида кузатувчи давлат мақомида иштирок этиши тўғрисидаги таклифни маъқуллаган эди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Россия ҳукумати раиси ўринбосарини қабул қилган эди. Учрашувда Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги ва МДҲ доирасидаги мулоқотларни давом эттириш масалалари юзасидан фикр алмашилган.

Янгиликлар