Шавкат Мирзиёев Россия ҳукумати раиси ўринбосарини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев 15 сентябрь куни Россия ҳукумати раиси ўринбосари Алексей Оверчукни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев учрашув аввалида коронавирус инфекциясининг глобал миқёсда тарқалиши билан боғлиқ замонавий хавф-хатарларга қарамай мамлакатлар ўртасидаги мулоқот давом этаётгани ва Ўзбекистон—Россия ҳамкорлиги суръати сақлаб қолинаётганини мамнуният билан қайд этди.

«Ўзаро товар айирбошлаш кўрсаткичлари ортаётгани кузатилмоқда, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперация лойиҳалари амалга ошириляпти, қўшма корхоналар сони кўпайди. Ўзбекистон Президенти коронавирус пандемиясига қарши курашишда яқин ва самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлади», дейилади хабарда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Россия ҳукумати раиси ўринбосари Алексей Оверчук учрашув ўтказиш имконияти учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди ҳамда Россия президенти Владимир Путин ва хукумати раиси Михаил Мишустиннинг саломини етказди.

Учрашувда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида ҳамкорликни яна-да ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Иқтисодий кооперация бўйича узоқ муддатли дастур тайёрлаш, қўшма инвестиция лойиҳаларини илгари суриш, мамлакатлар ўртасидаги амалий алоқаларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги ва МДҲ доирасидаги мулоқотларни давом эттириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Никарагуа президентини Мустақиллик куни билан табриклади.

Шунингдек, ЕТТБ собиқ президенти Сума Чакрабарти Шавкат Мирзиёевга маслаҳатчи этиб тайинланиши хабар қилинди.

Янгиликлар